Бухородаги айрим ҳудудларда тезлик 70 км/соатга пасайтирилиши мумкин
Вилоятдан ўтган айрим йўл участкаларида тезликни пасайтириш бўйича лойиҳа муҳокамага қўйилди.
Regulation.gov.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида яна бир ҳужжат - “Вилоят ҳудудидаги шаҳар ва туманлар марказий кўчалари ва автомобил йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги ҳоким қарори муҳокамага қўйилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги киритган қарор лойиҳасида вилоят ҳудудидан ўтган айрим йўл участкаларида тезликни 100 км/соатдан 70 км/соатга ўзгартириш ва ва 3.24 “70 юқори тезлик чекланган” йўл белгилари ўрнатиш кўзда тутилган.
Бундай ўзгариш киритилишига автомобил йўлларининг айрим участкаларида транспорт ҳаракат жадаллиги ва юқори ва тезлик оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб кузатилиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар 31 майгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги фармонига кўра, 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши белгиланган.