Пойтахтда турли тадбирлар ва бадиий китоблар хариди учун пул ажратилди
64 та умумтаълим мактабига бадиий китоб совға қилиш учун Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлимига 2 млрд. сўм берилади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан 2024 йилнинг қўшимча манбаларини харажатларга йўналтириш белгиланди.
Унга кўра, бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Шайхонтоҳурдаги 46-поликлиникага ўрнатилган қуёш панелларидан келиб чиққан қарздорликни қоплаш учун 840 миллион сўм, "Беш ташаббус олимпиадаси", "Талабалар баҳори", "Ёшлар ойлиги", "Ёшлар ҳафталиги" тадбирларни молиялаштириш учун 2 млрд. 697 млн. сўм ажратилади.
Бундан ташқари, пойтахтдаги 64 та умумтаълим мактабига 1000 донадан бадиий китоб совға қилиш учун Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлимига 2 млрд. сўм берилади. "Мирзо Улуғбек ворислари" танловининг Тошкент шаҳар босқичида қатнашган 19 нафар иштирокчини БҲМнинг ўн баравари миқдорида бир мартадан мукофотлаш учун 62,7 миллион сўм берилиши кўзда тутилган.
Тошкент шаҳар ҳокими юқоридаги харажатлар учун 2024 йилда шаклланган бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан пул тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилади.
Бироз аввал Хоразмда бюджет ташкилотлари учун қарийб 15 миллиард сўм ажратилгани маълум бўлганди.