Бўзатов FEST ғолиб ва совриндорлари эълон қилинди
Танловнинг ёпилиш маросимида супер-финалгача чиққан 69 нафар ёшдан 36 таси 1,2,3-ўринлар билан тақдирланишди.
10 майдан 16 майга қадар давом этган, жонли куйлай оладиган ёшларнинг анъанавий танлови – Бўзатов FEST ўз ниҳоясига етди. Кеча танловнинг Бўзатов туманида ўтказилган ёпилиш маросимида супер-финалгача чиққан 69 нафар ёшдан 36 таси 1,2,3-ўринлар билан тақдирланишди.
Улар орасида танловда иккинчи бор иштирок этган сурхондарёлик Тошмуротов Дониёр ҳам бор. У фестивалда бахшичилик йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида 2-ўринни қўлга киритди.
“Танлов жуда қизиқарли бўлди. Ўтган йили 3-ўринни олган эдим бу йил 2-ўрин бўлдим, кейинг йил яна қатнашиб биринчи ўринни қўлга киритаман. Мени қўллаб-қувватлаб турган барча устозларимга раҳмат айтаман".
Анъанавий ижрочилик йўналиши 16-22 ёш тоифасида эса 1-ўрин фарғоналик Лайло Ҳалиловага насиб этди.
"Бу даражада кутмаган эдим ғолиб бўлишимни. Устозлар ишонч билдириб, 1-ўринга муносиб кўришибди, бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ҳали ота-онамга айтишга улгурмадим, телефон қилган эдим, жавоб беришмади. Бўзатов FEST менга жудаям ёқди. Сабаби шу танлов орқали мен ўзимга янги дўстлар орттирдим, тажриба алмашдим".
Бўзатов FEST`да ғолибликни қўлга киритса, танловларда қатнашишдан маълум муддат танаффус эълон қилишини, кўпроқ ижод билан машғул бўлишини айтган Наврўза Махамаджанова эса 2-ўринни қўлга киритди. У Эстрада йўналиши бўйича 23-30 ёш тоифасидан Тошкент вилояти номидан иштирок этган.
Қарийб бир ҳафта давом этган танловда кўплаб иштирокчиларни ота-она, бобо-буви ёки устозлари кутиб, қўллаб қувватлаган бўлса, ғолибамизда эса бу жараёнда нафақат бутун оиласи,балки кичик чақалоғи ҳам иштирок этди.
Тақдирлаш маросими якунлангандан сўнг иштирокчилар,ёшлар, қорақалпоқ халқи учун Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг ёрқин юлдузлари иштирокида концерт дастури тақдим этилди.
Шундай қилиб, танловнинг бу йилги босқичи ҳам шиорига мувофиқ тарзда ўз иқтидорларини кашф этди.