Инфляция даражаси ортиб, нархлар яна ошишидан хавотирлар кучаймоқда
Марказий банк инфляцион кутилмаларни эълон қилди.
Марказий банк инфляцион кутилмаларни эълон қилди. Давлат молия регуляторининг маълумотларига кўра, тадбиркорлар ва аҳолининг коммунал хизматлар қимматлашувидан хавотир даражаси ортган.
Ўтган ойда жами 1971 та респондент ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 1,2 (фоиз) бандга кўтарилиб, 14 фоизни ташкил этган.
Вилоятлар кесимида олинадиган бўлса, аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (17,2 фоиз) ва Бухоро вилоятида (15,7 фоиз) қайд этилган бўлиб, энг паст – 10,2 фоиз кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида (12,4 фоиз) кузатилган.
Респондентлар келажакда нархлар кўтарилишига аввало коммунал хизмат нархларининг ортиши (55 фоиз), валюта курсининг ўзгариши (55 фоиз), монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши (29 фоиз), транспорт харажатларининг ошиши (28 фоиз) каби омиллар таъсир қилади, деган фикр билдирган.
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма қурилиш (15,1 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани талабалар кўрсатган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг тушкун кутилма АТ ва ОАВ (16) соҳасига, энг некбин кутилма эса туризм (11,3) соҳасига оид бўлган.