platina.uz

Марказий банк пул-кредит сиёсатини тушунтирди

“Камбағаллар учун ортиқча солиқ” бўлмиш инфляцияни паст даражада ушлаб туриш учун кураш қандай натижа беряпти? Ташқи қарз бўйича ваҳималар қанчалик асосли?

Иқтисод
26 ноябрь, 20:50
Марказий банк пул-кредит сиёсатини тушунтирди
Фото: Platina.uz

Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган макроиқтисодий сиёсат ўз самарасини бермоқда. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланаётганидан дарак беради.

Марказий банкда “Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” мавзусида ўтказилган медиа-мулоқотда мана шу кўрсаткичлар таҳлил қилинди.

Жумладан, Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти бошлиғи Элдор Зокировнинг маълум қилишича, “Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг якуний лойиҳаси тасдиқланган.

Маълумки, ушбу ҳужжат Марказий банк томонидан бир йилда бир марта янгиланади ва мамлакатдаги иқтисодий вазият манзараси ҳамда иқтисодий курсининг йўналишини кўрсатиб беради. “Асосий йўналишлар” ҳар чоракда эълон қилинадиган “Пул-кредит сиёсати шарҳи” билан биргаликда мамлакат иқтисодиётининг бош молиявий регулятори бўлмиш Марказий банкнинг энг асосий ва муҳим ҳужжатлари ҳисобланади.

Аҳоли фаровонлигини қандай ошириш мумкин?

Аксарият демократик давлатлар ўз миллий иқтисодиётини ривожлантириш асносида халқ фаровонлигини таъминлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўяди. Аҳоли фаровонлигига эришиш эса фискал ҳамда пул-кредит сиёсатининг қандай белгилаб олиниши ва қандай ижро этилишига бевосита боғлиқ.

Фискал сиёсат

Ҳукумат юритадиган фискал сиёсат учун иқтисодий ўсиш инклюзивлиги муҳим ҳисобланади. Яъни бу сиёсат ҳар бир аҳоли қатламининг манфаатлари ва истакларини ўзида акс эттириши ва уларни қамраб олиши лозим. Фискал сиёсатнинг мақсади эса, табиийки, иқтисодий ўсишни таъминлаш бўлади. Бу сиёсат солиқ ва давлат харажатлари орқали амалга оширилади ва асосан ялпи таклифни қўллаб-қувватлашга қаратилади.

Пул-кредит сиёсати

Пул-кредит сиёсати учун эса нархларнинг барқарорлиги муҳим ҳисобланади. Зеро аҳоли даромадлари аксарият ҳолларда нархларнинг кўтарилиб кетишига, пировардида миллий валютанинг қадрсизланиб, инфляция даражасининг ортишига тез мослаша олмайди. Натижада аҳолининг харид қобилияти пасаяди, йиғиб қўйган жамғармалари қадрсизланади, фаровонлиги пасайиб, умумий камбағаллик даражаси юксалади.

Ҳукумат юритадиган фискал сиёсатдан фарқли ўлароқ, пул-кредит сиёсати Марказий банк томонидан олиб борилади.

Ушбу сиёсат турининг асосий мақсади – нархлар барқарорлигига эришишдир. Бу сиёсат пул ва фоиз ставкаларини бошқариш (масалан, асосий ставка) орқали амалга оширилади.

Пул-кредит сиёсати асосан ялпи талабни жиловлашга қаратилган бўлади.

Марказий банк ўтказган медиа-мулоқотда ушбу регуляторнинг ваколат доирасига кирувчи пул-кредит сиёсатига тўхталиб ўтилди.

Пул-кредит сиёсати режимлари

Марказий банк пул-кредит сиёсатини 4 хил режимда юритиши мумкин:

  1. Инфляцияни таргетлаш режими. Бунда нархлар барқарорлигига эришиш, яъни инфляциянинг барқарор паст даражасини таъминлаш асосий мақсад ҳисобланади.
  2. Монетар таргетлаш режими. Бу режимда пул базаси, пул массаси ёки бошқа кўрсаткчиларни таргетлаш орқали инфляциянинг паст даражаси таъминланади.
  3. Валюта курсини таргетлаш режими. Мазкур тартибда миллий валюта курси барқарорлигини таъминлаш орқали инфляциянинг паст даражасини таъминлаш мақсад қилиб олинади.
  4. Гибрид режим. Ушбу ҳолатда пул-кредит сиёсатини амалга оширишда турли режимларнинг стандартларидан фойдаланилади.

Учта курсида баравар ўтириб бўлмайди!

Бутун дунёдаги молиявий тизимлар олдида юқоридаги режимлардан фақат биттасини танлаб, сиёсат юритиш трилеммаси туради. Уни “Эришиб бўлмас учлик” деб ҳам аташади. Ҳар бир мамлакат бу жумбоқни ўз стратегик ривожланиш йўналишлари ва жорий иқтисодий вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади. Мазкур “фискал назорат руллари”нинг ҳаммасини баравар бошқаришнинг жисмонан имкони йўқ, узоғи билан 2 тасини татбиқ этиш мумкин холос. Ҳар бир мамлакат пул-кредит сиёсати очиқ (эркин) капитал оқимини бошқаришда мазкур режимдан бирини қўллаши мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) таснифига кўра, 45 та мамлакатда инфляцион таргетлаш, 25 мамлакатда монетар таргетлаш, 81 та мамлакатда алмашув курси таргетлаш режимлари қўлланилади.

Ўзбекистон инфляцион таргетлаш режимини танлаган

Президентнинг ПФ-5877-сонли “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, нархлар барқарорлиги миллий пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади сифатида белгиланди ва Марказий банк инфляцион таргетлаш режимига ўтишни бошлади.

Медиа-мулоқотда таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилдан буён бутун миллий молиявий тизимни қамраб олувчи инфляцион таргетлаш режимида ишламоқда.

Содда қилиб айтганда, бу мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ҳам асосан пул массасини назорат қилишга қаратилган монетар таргетлаш эмас, балки инфляцияни жиловлаб туриш – инфляциянинг маълум бир марраси – таргетни белгилаб олган ҳолда, шу кўрсаткичга эришиш учун чоралар кўриш сиёсати амал қилмоқда.

“Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”да кўрсатилганидек, Марказий банк асосий сценарий доирасида ЯИМнинг реал ўсиши нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида ушбу таргет 2025 йилда 7 фоиз атрофида, 2026 йилда эса 5 фоиз атрофида бўлишини белгилаб олган.

Умумий аҳволимиз қандай?

Шу ўринда савол туғилади: асосий мақсади инфляцияни жиловлаш бўлган пул-кердит сиёсати қанчалик самара бермоқда? Марказий банк масъули Элдор Зокировнинг таъбири билан айтганда, “камбағаллар учун ортиқча солиқ” бўлмиш инфляцияни паст даражада ушлаб туриш учун кураш нима натижа беряпти?

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати иқтисодиётга 2 ойдан (ривожланаётган давлатларда) 8 ойгача (иқтисодиёти кучли давлатларда) бўлган муддатда ўз таъсири кўрсатади. Мазкур сиёсат трансмиссияси занжири қуйидаги босқичлардан иборат:

  1. Марказий банк асосий ставкани ўзгартиради.
  2. Банклараро пул бозори фоиз ставкаси ўзгаради.
  3. Депозит ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари ўзгаради.
  4. ЯИМ тафовути вужудга келади.
  5. Ва ниҳоят, инфляция даржаси ўзгаради!

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда 2007 йилдан буёғини олсак, энг максимал кўрсаткич – 20 фоиз қайд этилган 2018 йилдан (инфляцион таргет режими қўллана бошланган даврдан) бошлаб инфляция даражасининг муттасил пасайиб бориш тенденцияси кузатилмоқда. Тўғри, айрим даврларда оралиқ инфляция кўрсаткичи 10 фоизлик чегара тепа-пастида “ўйнаётган” бўлса-да, умумий тенденция пасайиш сари кетаётгани кишини хотиржам қилади. Инфляция борасидаги прогнозлар ҳам “қўрқинчли” бўлмагани боис, яқинда Марказий банк асоссий ставкани 14 фоиздан 13,5 фоизга туширишга журъат қилди ҳатто. Зеро бу чора кредитлар фоизини пасайтириб, товар ва хизматларга талабни оширса-да, пировардида инфляциянинг нисбатан ортишига хизмат қилади.

Хорижий валюта оқими бўйича кутилмалар

Миллий иқтисодиёт ўсиши, аҳоли фаровонлиги ҳамда харид қобилиятининг ортишига четдан кирадиган пул оқими ҳам катта таъсир қилади, албатта. “Янги қон” каби иқтисодиётга қўшиладиган мазкур оқим барқарорлиги миллий валюта қадрсизланишининг олдини олишга хизмат қилишини сезиш мумкин. Ўзбекистонга келадиган пул оқими асосан 3 та йўналишдан иборат:

  1. Миллий маҳсулот ҳамда хизматларни экспорт қилиш оқибатида хориждан келадиган валюта.
  2. Пул ўтказмалари, яъни хориждаги меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пуллар.
  3. Инвестициялар, қарзлар ва бошқа жиҳатлар.

Медиа мулоқотда пул ўтказмалари билан боғлиқ хавотирларга ҳам изоҳ берилди. Жумладан, Россияда рублнинг қадрсизланиши фонида хориждан пул ўтказмалари камайиши тахмин қилинади. Бироқ Россияда ишчи кучи танқислиги бошлангани ва меҳнат муҳожирлари кам ҳақ тўланадиган соҳаларда эмас, мутахассислиги бўйича ишлашга ўтаётгани боис кўпроқ маош олишмоқда. Қолаверса, маош юқорироқ бўлган бошқа давлатларга ишчи кучи оқимининг ортиб бориши ҳам бу борадаги вазиятга ижобий таъсир қилади. Хусусан, 2024 йил охиригача Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 15 млрд долларгача, 2027 йилга бориб эса 20 млрд долларгача ўсиши мумкин. Юқори маош тўланадиган давлатлардан ўтказмалар ҳисобига пул оқимлари манбалари янада диверсификация қилиниши кутилмоқда. Шу боисдан 2025-2027 йилларда пул ўтказмаларининг фундаментал тренд доирасида 10-15 фоизга ошиб бориши ва 20 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Банкларга ва миллий валютага ишонч кучайган

Медиа мулоқотда маълум қилинишича, айни пайтда аҳолининг банклардаги депозитлари ҳажми 2018 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайган. Энг аҳамиятлиси, бу депозитларнинг 80 фоизи сўмда қўйилган. Бу банкларга ва миллий валюта истиқболига, инфляциянинг пасайиб боришига ишонч ортиб бораётганини англатади.

Рақамлаштириш ва бошқа инновациялар

Охирги йилларда банк ва мижоз муносабатларига янги технологиялар ва соғлом рақобат муҳитининг кириб бораётгани, умуман банк инфратузилмаларининг такомиллашаётгани ҳам кузатилмоқда. Аҳоли нақд пулдан кўра банк карталари ёки бошқа нақдсиз тўлов воситалари қулайлиги боис, улардан фойдаланишни афзал кўрмоқда. Масалан, харидорларнинг 46 фоиз тўловлари савдо терминаллари орқали нақсдиз усулда қабул қилинган.

Яна бир мисол: 2024 йил 1 ноябр ҳолатига аҳоли қўлидаги нақд пул массаси 265 трлн сўм бўлса, шунинг учдан икки қисми нақдсиз кўринишда экани айтилади.

Ижобий тенденция сақлаб қолинади

Хулоса қилиб айтганда, Марказий банкнинг макроиқтисодий сиёсати ва пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таҳлиллари шуни кўрсатадики, мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиш йўлида давом этмоқда. Ҳатто ваҳимага сабаб бўлаётган ташқи қарз масаласи ҳам халқаро молия ташкилоти назарида меъёридан ошмаган: давлатнинг ташқи қарзи ЯИМнинг ҳали 38-40 фоиз даражасида, 60 фоизлик “қизил” чегарага етиб борганимиз йўқ.

Энг муҳими, аҳоли фаровонлигини ошириш, инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш Марказий банкнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда, келгусида ҳам пул-кредит сиёсати доирасида таргетлар ва макроиқтисодий сиёсатнинг асосий вазифалари белгилаб олинган. Бу қадамлар миллий иқтисодиётни янада кучайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+