"Бўзатов-FEST" танловининг супер-финал босқичи бошланди
Сўнгги натижалар эса бугун кечгача аниқланади ва танловнинг Бўзатов туманида ўтказиладиган ёпилиш маросимида эълон қилинади.
10 майдан буён Нукусда ўтказиб келинаётган Ёшлар овози "Бўзатов-FEST" танлови бугун супер-финал босқичига етиб келди. Танловнинг бу босқичида 4 та йўналиш ва 3 та ёш тоифаси бўйича финалга қадар етиб келган 158 нафар иштирокчидан 69 таси иштирок этмоқда.
Шундай супер-финалчилардан бири Тошкент шаҳридан Сардор Шавкатов (Эстрада йўналиши 23-30 ёш тоифасида). У танловнинг супер-финал босқичида Ботир Зокировнинг "Раъно" қўшиғи билан қатнашди. Аммо иштирокчининг сўзларига кўра, супер-финалда бу қўшиқни эмас бошқасини куйлашни режалаштирган эди.
“Мен ўзи саҳнага чиқишимдан олдин, фикримни ўзгартиряпман доим. Ўзи финалга ҳам, супер финалга ҳам бошқа қўшиқ тайёрлаб келган эдим. Мана ҳозир ҳам асли бошқа қўшиқ тайёрлаган эдим, лекин саҳнага чиқиб бирдан "Раъно" ни айтгим келиб қолди ва шу қўшиқнинг минусини қўйиб беришларини айтдим. Бу қўшиқ кўнглимга жуда яқин. Уни анчадан бери тайёрлаб келган бўлсам ҳам бирорта танловда айтмаган эдим. Лекин барибир бу қўшиқни қаердадир айтишимни билардим. Мана шу конкурсга насиб этган экан”.
Бахшичилик йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида супер-финалга ўтган Асилбек Суннатов ҳам бу босқич учун бир эмас, иккита достон тайёрлаб, саҳнага чиқишдан аввал, қайси бирини ижро этиши ҳақида қарор қабул қилган. У финалда Алпомиш достонидан парча куйлаганда, ҳакамлар ҳайъати унга овози ҳозир мутация жараёнида эканлиги учун эҳтиёт қилиши кераклигини ва куйлашдан ташқари бир нечта чолғу асбобларини ҳам ўрганишини маслаҳат беришган эди.
Танловга Навоий вилоятидан келган Асилбек тенгдошлари каби биринчи ўринни олиш истагида. Агар у ютса, ота-онасини ҳажга юбормоқчи эканлигини айтди.
Супер-финал жараёнлари ҳали давом этмоқда. Сўнгги натижалар эса бугун кечгача аниқланади ва эртага танловнинг Бўзатов туманида ўтказиладиган ёпилиш маросимида эълон қилинади. Унда 69 та супер-финалчилардан, 12 таси 1-ўрин, 12 таси 2-ўрин, яна 12 таси 3-ўринни қўлга киритишади.
Одинахон Деҳқонова