Мактаб ўқувчилари "Битирув кечалари" ўтказиши тақиқланди

"Сўнгги қўнғироқ"да мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади. 

Жамият
14 май, 9:41
Мактаб ўқувчилари "Битирув кечалари" ўтказиши тақиқланди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги "Сўнгги қўнғироқ" тадбирларини ўтказишга доир тавсияларни эълон қилди. 

Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари:

- жорий йилнинг 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади;

- мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;

- маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади;

- фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади;

- йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади;

- мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига "Энг фаол ота", "Жонкуяр она", "Масъулиятли ота-она", "Аълочи ўқувчи отаси", "Билимли қиз онаси" номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.

2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва "Сўнгги қўнғироқ" тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

- турли ресторан ва кафелар, хонадонларда "Битирув оқшомлари"ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;

- битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш.

- ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+