"Йил ўқитувчиси" танлови ғолибларига уч хонали уй берилади

Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. 

Жамият
6 кун аввал, 14:00
"Йил ўқитувчиси" танлови ғолибларига уч хонали уй берилади

Ўзбекистонда эндиликда "Йил ўқитувчиси" танлови ғолибларига уч хонали уй берилади. Бу ҳақда президент ўтказаётган йиғилишда маълум қилинди.  

Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш албатта давом эттирилиши таъкидланди.

Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. 

Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.

Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. 

Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.

Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳар йили соғлиғини тиклаш учун санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сонини 2 баробар оширса, мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.

Ректорлар ҳам олийгоҳларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан профессор-ўқитувчилар учун сиҳатгоҳ йўлланмалари сонини 50 фоизга оширишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга устама берилмоқда.

Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.

Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланди.

Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.

Ҳокимларга жойлардаги барча малака ошириш марказларини замонавий қиёфага келтириш топширилди.

Малака оширишда вазирлик, малака ошириш маркази, мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади.

Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+