Интернетда Ғазо фожиасига бефарқ бўлган юлдузларни блоклашмоқда
Жастин Бибер, Селена Гомес, Зендая, Дрейк, Кардашян ва Тейлор Свифт каби кўплаб машҳур юлдузлар танқидлар ёмғири остида қолган.
Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ваҳшийликларига ва Фаластин халқига қарши очиқ-ойдин геноцид уюштираётганига жаҳон афкор оммаси жим қараб тургани йўқ. Улар Яҳудий давлатининг (Исроилнинг конституциядаги расмий номи) қонхўрлигидан норозиликларини ҳеч бўлмаса тинч намойиш, флеш-моб, иқтисодий бойкот ёки интернет орқали акциялар йўли билан ошкор этмоқда. Фожиани кўриб-кўрмасликка олаётган омма эътиборини тортишга уринмоқда.
Яқиндан бошлаб, Интернетдаги ижтимоий тармоқларда норозиликни намоён этишнинг янги шакли пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ғазо фожиаси бўйича ўз муносабатини билдиришдан қўрқиб, сукут сақлаётган машҳур юлдузларнинг саҳифаларини оммавий равишда блоклашни йўлга қўйди.
Жастин Бибер, Селена Гомес, Зендая, Дрейк, Кардашян ва Тейлор Свифт каби кўплаб машҳур юлдузлар танқидлар ёмғири остида қолган. Ҳатто Тейлор Свифт каби “ёрқин” санъат юлдузларининг кўп йиллик мухлислари ҳам уни блоклашга қарор қилишди.
NBC news’нинг маълум қилишича, мазкур жараён иштирокчилари Яҳудий давлати армиясининг Ғазо секторига бостириб кириб, фаластинлик аёллар ва болаларни бир бошидан қиришни бошлаган кунлардан бери ўз норозиликларини намойиш эта бошлаган эди. Лекин қудратли давлатларнинг ҳомийлиги ва халқаро ташкилотларнинг ожизлигидан қутурган Исроилнинг барча келишув ва ваъдаларни бузган ҳолда Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилганида бу жараён кўлами янада кенгая бошлади.
Яҳудий армияси аскарлари Ғазода тинч аҳолини аямай қира бошлаган бир пайтда юлдузларнинг сурбетларча Met Gala ноёб кийимлар кўргазмасини ўтказишгани тармоқлар фойдаланувчиларининг айниқса ғазабини келтирди. Кўпгина фойдаланувчилар бу намойишни ҳаддан ошиш ва сионист аскарлар қўлида ўлим топган (ва топаётган) ўн минглаб бегуноҳ аёллар ва болалар хотирасига ҳурматсизлик, дея баҳолашди.
Машҳур блогер Хейли Калил ўзининг Met Gala либосида суратга тушгани ва “Let Them Cake” овози билан синхронлаштирилган видеони интернетга жойлаганидан кейин айниқса норозиликлар кучайган.
Маълумки Let Them Cake (аниқроғи Let them eat cake) нақли 1793 йилда қатл этилган қиролича Мари Aнтуанетта билан боғлиқ. У нон йўқлиги боис оч қолиб, исён кўтарган қашшоқлардан ғазабланган ва "Нонлари йўқ бўлса, ана, торт есинлар!" деган экан. Хейли Калилнинг шу саҳнага тақлид қилиб, видео жойлагани Ғазо секторида Яҳудий давлати аскарлари ўлдираётган қурбонлар устидан кулиш, дея баҳоланди.
Кейинчалик Калил фойдаланувчилардан узр сўраб чиқиб чиқди. “Юлдуз” қиз уни шунчаки Met Gala арафасида ўтказилган зиёфатга чақиришганини, тадбирда иштирок этмаганини билдирди. Ғазо фожиалари ҳақида гапирмаганини эса, “етарлича маълумотга эга эмаслиги” билан изоҳлади.
"Машҳур юлдузларни ва инфлюэнсерларни блоклаш керак. Муҳтожларга ёрдам бериш учун биз уларга берган ҳамма нарсамизни: лайклар, шарҳлар ва пулларимизни қайтариб олиш вақти келди”, дейишмоқда флеш-моб иштирокчилари.
Таъкидлаш керак, Исроилнинг инсониятга қарши жиноятлари ва хунрезликларига қарши чиқаётганларнинг кўп қисми мусулмонлар эмас, улар шунчаки инсонийлигини йўқотмаган, турли миллат ва динларга мансуб одамлардир.