Энди қишлоқларда ҳам дастурчилар кўпаяди
Айни пайтда ҳудудлар кесимида қараганда, IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Энди чекка ҳудудларда IT-шаҳарчалар ташкил этилади. Рақамли технологиялар вазири бу ҳақда президентга тақдимот тайёрлади.
Айни пайтда IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келади. Мутахассисларнинг 80 фоизи шу ерда яшайди.
Лойиҳага кўра, бундай масканлар дастлаб 15 та ҳудудда – Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ташкил қилинади. Уларда йилига 10 мингга яқин ёшлар IT, чет тили ва бошқа замонавий касблар бўйича бепул ўқитилади.
Президент шаҳарчалар ёшлар учун қулай жойда бўлиши, уларда юқори малакали мутахассислар дарс бериши зарурлигини таъкидлади.
IT саноатни ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида IT таълим ва дастурий маҳсулот йўналишидаги лойиҳалар бўйича 1 миллиард сўмгача бўлган стартаплар танловини ўтказиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллект дастурларини яратиш ва қўллаш бўйича борасида Muxlisa номли ўзбек тилидаги овозли ёрдамчи ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ишланмани турли замонавий техника воситаларига ўрнатиш мўлжалланган.