Талабалар стипендияси миқдори ошадими?
Platina.uz журналисти Олий таълим вазири ўринбосарига ушбу савол билан юзланди.
Бугун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан соҳадаги янгиликлар бўйича анжуман ўтказилди.
Матбуот анжуманида Platina.uz журналисти талабаларнинг ўзгаришсиз қолаётган стипендиялари миқдори ҳақида савол билан юзланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шоҳрух Далиев эса стипендия ошиши ёки оширилмаслиги масаласида тўлиқ жавобни молиявий соҳа вакиллари ҳамда Молия вазирлиги билан бирга ишлаб, кейин ёзма изоҳ бера олишини маълум қилди.
“Стипендия ошадими ёки йўқ деган саволингизни аниқ савол деб биламан. Биз буни ўйлаб кўришимиз керак. Ўзи стипендияда фиксация қилинган нарх ҳам, ошириш бўйича қоида ҳам бор. Бизда энди тўлов-контракт масалалари ҳам борда. Хабарингиз бор, пандемия пайтида тўлов-контракт миқдори ҳам оширилмади. Ўзи, битта талабани ўқитиш учун давлат томонидан сарфланаётган пул, у тўлайдиган контрактдан анча кўп. Бир талабага ўртача йўналишнинг хусусиятидан келиб чиқиб, 12 дан 15 миллионгача сарфланади. Баъзи олийгоҳлар (масалан, техника университети) га "супер-контрактлар" кам келади. Шунинг учун университет ўзини ўзи боқиш масаласи ҳам бор. Шунинг учун бу масалани Молия вазирлиги билан муҳокама қилиб кейин сизга ёзма изоҳ берсак тўғри бўлади" деди Далиев.
Аввалроқ ўқишга киришда минимал ўтиш балли оширилгани маълум бўлганди.