Ўқишга киришда минимал ўтиш баллари оширилади
Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
Ўқишга киришда минимал ўтиш баллари миқдори оширилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан инновациялар вазирлиги анжуманида маълумот берилди.
Ўқишга кириш учун минимал ўтиш балини 2 босқичда ошириб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун – 94,5 балл, бошқа йўналишлар учун – 75,6 балл этиб белгиланиши кутилмоқда (амалда барча йўналишлар учун – 56,7 балл).
Давлат буюртмаси параметрларини амалдаги олийгоҳлар кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилади. Ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмасини қисқартириб, ушбу квоталарни устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади.
Магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби қуйидагича ўзгартирилади:
- таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади;
- соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона – B1 даражасига туширилади;
(Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади).
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда давлат гранти бўйича янги тизим жорий этилиши маълум қилинганди. Унга кўра, грант яхши баҳога ўқиган талабалар орасида тақсимланади.