Путин Россия президенти сифатида қасамёд қилди

Экспертларнинг айтишича, сайловларнинг холислиги шубҳа остида бўлган Россияда Путин яна камида 2036 йилгача президент бўлиб қолишини таъминлай олади. 

Жаҳон
7 май, 14:50
Путин Россия президенти сифатида қасамёд қилди

Бугун Москвадаги Катта Кремл саройида Владимир Путиннинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Унда Путин Россиянинг навбатдаги президенти сифатида Россия халқига содиқ қолишга тантанали қасамёд қабул қилди. Бу унинг ҳаётидаги бешинчи марта президент сифатида қасамёд қилиш маросимидир. Тантанали маросимдан сўнг Россия Конституцион суди раиси Валерий Зоркин Владимир Путин расман бугундан бошлаб яна президентлик давозимига киришганини эълон қилди.

Конституция бўйича Россияда президентлик муддати 6 йилга тенг бўлиб, Путин 2030 йилгача яна шу лавозимда қоладиган бўлди. Аслида Россия конституциясига кўра бир, шахс 2 муддатдан ортиқ президентлик курсисини эгаллаши мумкин эмас. Бироқ 2000 йилдан бери давлат тепасида қолаётган (19 йил президент, 4 йил бош вазир сифатида) Путин ушбу бош қонунни референдум воситасида ўзгартириб, ўтган муддатларини “ноллаштириб” олгач, ўзига яна 2 марта Кремл саройида хўжайинлик қилиш ҳуқуқини берди.

Аввалроқ Reuters агентлиги Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Лондон Путиннинг инаугурация жараёнига ўз вакилини жўнатмаслигини маълум қилган эди. АҚШ ва Канада расмийлари ҳам шундай баёнотлар билан чиқишган. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий хизмати вакили Петер Стано ҳам ЕИ маросимга ўз элчсини юбормаслигини айтган эди. Шунингдек, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам маросимга бормаслигини билдирган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков протоколга амал қилиб, “нодўстона” мамлакатларнинг элчиларини ҳам инаугурация маросимига таклиф этган. Бироқ АҚШнинг Россиядаги муваққат ишлар бўйича ишончли вакили ҳамда ЕИ элчиси ҳам таклифни қабул қилишмаган.

Маросимда фақат Франциянинг Россиядаги элчиси Пьер Леви, Венгрия элчиси Норбер Конкой ва Словакия элчиси Любомир Регак иштирок этишди.

Экспертларнинг айтишича, сайловларнинг холислиги шубҳа остида бўлган Россияда Путин яна камида 2036 йилгача президент бўлиб қолишини таъминлай олади. Ўшанда Путин 84 ёшга кирган бўлади. Айни пайтда Россия президенти 72 ёшда.

 

 

 

 

 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+