Путин ва Си Цзиньпиннинг бир пиёла чой устидаги учрашуви: саҳна ортида қандай масалалар муҳокама қилинган бўлиши мумкин?
Бир пиёла чой устидаги суҳбатни Путин ва Си Цзиньпин ўртасидаги норасмий дипломатиянинг ўзига хос рамзи, дейиш мумкин. Бироқ Шэньчжэндаги учрашув дастурига оид маълумотларга кўра, расмий музокаралардан кейин мулоқот алоҳида чой маросимида эмас, балки тор доирадаги ишчи нонушта шаклида давом этган. Бу муҳим жиҳат. Чунки бундай формат, одатда, ошкора баёнотларга киритилмайдиган нозик масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.

2026 йил 18 ноябрь куни Шэньчжэнь шаҳри жаҳон дипломатиясининг муҳим марказига айланди. Бу ерда Россия президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммити доирасида учрашди. 19 ноябрда эса уларнинг музокараларига АҚШ президенти Дональд Трамп қўшилиши режалаштирилган.
Бироқ халқаро кузатувчилар эътиборини фақат раҳбарларнинг расмий баёнотлари эмас, балки дипломатик протоколдаги қизиқ бир жиҳат ҳам тортди. Путин Хитойга келганида уни аэропортда Си Цзиньпин шахсан кутиб олмади. Трампни эса Хитой раҳбари самолёт трапи олдида қарши олди.
Бу тасодифми? Дипломатик протоколнинг ўзига хос хусусиятими? Ёки Хитой ташқи сиёсатида Россия ва АҚШнинг бугунги ўрни ҳақида берилган нозик сиёсий ишорами?
Дипломатик ишоралар: нега Трампга алоҳида эҳтиром кўрсатилди?
Хитой сиёсий маданиятида рамзлар ва ишоралар муҳим аҳамиятга эга. Делегацияларни кутиб олиш тартиби, мезбон амалдорларнинг мақоми, музокара иштирокчиларининг жойлашуви, суҳбат давомийлиги ва ҳатто учрашув ўтказиладиган хона танлови ҳам муайян сиёсий маъно англатиши мумкин.
Владимир Путинни Шэньчжэнь аэропортида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси, мамлакатнинг энг нуфузли раҳбарларидан бири Цай Ци кутиб олди. South China Morning Post нашри таъкидлаганидек, бу ниҳоятда юқори даражадаги қабул ҳисобланади. Бироқ бу билан, Путинга нисбатан дипломатик ҳурматсизлик қилингани ҳақида хулоса чиқариш нотўғри. Аммо Трампни Си Цзиньпиннинг шахсан кутиб олиши алоҳида сиёсий ишора бўлди. Reuters агентлигига кўра, Хитой раҳбари шу йўл билан сентябрь ойида уни Эндрюс авиабазасида шахсан қарши олган АҚШ президентига ўзаро жавоб эҳтироми кўрсатган. Кейинчалик Трамп бундан миннатдор бўлганини маълум қилди.
Шундай қилиб, бу ишоранинг биринчи изоҳи - дипломатик яқинлик. Бироқ воқеанинг янада чуқурроқ сиёсий маъноси ҳам бор. Пекин учун Россия муҳим стратегик ҳамкор бўлса, АҚШ Хитойнинг асосий глобал рақиби ҳисобланади. Шу билан бирга, Вашингтон билан муносабатлар халқаро савдо, технологиялар, молиявий барқарорлик ва хавфсизлик масалаларига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу боис Хитой раҳбари Трампнинг ташрифига атайлаб алоҳида рамзий аҳамият берган бўлиши мумкин. Бу Москва билан муносабатлар совуқлашганини англатмайди. Аксинча, Пекин Россия билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Вашингтон билан мустақил мулоқот олиб бориш имкониятига эга эканини намойиш этмоқда.
Бир пиёла чой устида: камераларсиз нималар муҳокама қилинди?
Бир пиёла чой устидаги суҳбатни Путин ва Си Цзиньпин ўртасидаги норасмий дипломатиянинг ўзига хос рамзи, дейиш мумкин. Бироқ Шэньчжэндаги учрашув дастурига оид маълумотларга кўра, расмий музокаралардан кейин мулоқот алоҳида чой маросимида эмас, балки тор доирадаги ишчи нонушта шаклида давом этган. Бу муҳим жиҳат. Чунки бундай формат, одатда, ошкора баёнотларга киритилмайдиган нозик масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 16 ноябрдаёқ музокараларда Украина, Корея яримороли ва Осиё–Тинч океани минтақасидаги стратегик вазият муҳокама қилинишини маълум қилган эди. Бундан ташқари, Путин Си Цзиньпинни АҚШ билан сўнгги мулоқотлар, жумладан, Абу-Дабида Украина бўйича ўтказилган музокаралар ҳақида хабардор қилиши айтилган.
Шу нуқтаи назардан, мазкур учрашувни уч томонлама саммит олдидан сиёсий позицияларни ўзаро мувофиқлаштириш жараёни сифатида баҳолаш мумкин.
Украина: Россияни қўллаб-қувватлашми ёки муросага тайёргарликми?
Ҳозирча ишонч билан айтиш мумкинки, Украинадаги уруш музокараларнинг энг нозик мавзуларидан бири бўлгани аниқ. Чунки Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков раҳбарлар Украинадаги можарони ҳал этиш масаласига тўхталганини тасдиқлади.
Москва Хитой билан иқтисодий ва дипломатик ҳамкорликни сақлаб қолишдан манфаатдор. Ғарб санкциялари ва давом этаётган уруш шароитида бу айниқса муҳим.
Бироқ Пекиннинг ўз ҳисоб-китоблари бор. Хитой Россиянинг стратегик мағлубиятидан манфаатдор эмас. Чунки бу АҚШнинг халқаро мавқеини кучайтириши мумкин. Шу билан бирга, урушнинг чексиз давом этиши ҳам Пекинга фойда келтирмайди. Бу халқаро савдо, инвестициялар ва Европа давлатлари билан муносабатларга хавф туғдиради. Шу ерда бир зиддият бўлади: Хитой Россияни кучли стратегик ҳамкор сифатида сақлаб қолишни истайди, аммо Москва ташқи сиёсатининг гаровига айланишни хоҳламайди.
Эҳтимол, Си Цзиньпинни Россия қандай шартларда муросага бориши ва қандай хавфсизлик кафолатлари музокаралар учун асос бўлиши мумкинлиги қизиқтирган бўлиши ҳам мумкин.
Уч томонлама саммит: янги Ялтами ёки дипломатик тажриба?
Россия, Хитой ва АҚШ раҳбарларининг режалаштирилган учрашуви аллақачон 1945 йилги Ялта конференцияси билан қиёсланмоқда. Бундай ўхшатишнинг сабаби тушунарли: бу сафар уч йирик ядровий давлат раҳбарлари илк бор ана шундай форматда бир стол атрофида йиғилиши кутиляпти.
Бироқ тарихий вазиятлар ўртасида жиддий фарқлар мавжуд. 1945 йилда иттифоқчилар фашистлар Германиясига қарши биргаликдаги курашдан кейин дунёнинг урушдан кейинги тартибини муҳокама қилган эдилар. Бугун эса Москва, Пекин ва Вашингтон ўртасида кўплаб зиддиятли нуқталар бор. Музокараларнинг асосий мавзулари ядровий хавфсизлик, Украина, халқаро можаролар ва буюк давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашувнинг олдини олиш бўлади.
2026 йил февралида СНВ-III (“Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ҳақида”ги) шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ядровий қуролларни назорат қилиш масаласи янада долзарблашди.
(Маълумот учун, СНВ-III (ингл. New START) -АҚШ ва Россия ўртасида стратегик ҳужум қуролларини ўзаро қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги икки томонлама шартнома бўлиб, 2010 йил 8 апрелда Прагада имзоланган, 2011 йил 5 февралда кучга кирган ва 2026 йил 5 февралда унинг амал қилиш муддати тугаган).
Таъкидлаш керак, Вашингтон Хитойни ҳам қуролланишни чеклаш механизмларига жалб этишдан манфаатдор. Пекин эса АҚШ ва Россиянинг ядровий арсеналлари Хитойникидан анча катта эканини таъкидлаб келади. Шунинг учун кенг қамровли янги келишувга эришиш эҳтимоли паст. Стратегик барқарорлик бўйича чекланган келишувлар анча реал натижа бўлиши мумкин. Қолаверса, дунёни янги таъсир доираларига бўлиш ҳақидаги хавотирларни ҳам бутунлай инкор этиб бўлмайди. Аммо булар ҳозирча тахминлар холос.
Тайвань: музокараларнинг кўринмас иштирокчиси
Тайвань масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хитой учун Тайвань суверенитет ва миллий хавфсизлик билан боғлиқ принципиал масаладир. АҚШнинг Тайванни қўллаб-қувватлаши Пекин ва Вашингтон ўртасидаги асосий зиддият манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Россия учун эса Украина ва НАТО билан муносабатлар устувор аҳамиятга эга. Шу сабабдан, томонлар ўртасида муайян яширин сиёсий келишув - бир давлатнинг позициясини қўллаш эвазига иккинчисининг манфаатларига ҳурмат кўрсатиши мумкинлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Гарчи бундай ёзма ёки оғзаки келишув мавжудлигига оид далиллар йўқ бўлсада.
Нима бўлганда ҳам, Пекин Москвадан «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлашни кутади. Аммо Украинадаги уруш билан Тайвань муаммосининг бир-бирига бевосита боғлаб қўйилиши Хитой манфаатларига мос келмаслиги мумкин. Шунинг учун аниқ сиёсий савдолашувдан кўра ташқи аралашувга қарши баёнотларни мувофиқлаштириш эҳтимоли юқорироқ. Корея яриморолидаги вазият ва АҚШнинг Осиёдаги ҳарбий иштироки ҳам алоҳида муҳокама қилиниши ҳам мантиққа зид келмайди.
Иқтисодиёт: миллиардлар билан ўлчанадиган дўстлик
Кўп қутбли дунё ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар ортида аниқ иқтисодий манфаатлар турибди. Жумладан, 2024 йилда Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш рекорд даражага - 244,8 миллиард долларга етган. 2025 йилда бу кўрсаткич тахминан 228,1 миллиард долларга тушди. Бироқ 2026 йилда савдо ҳажми яна ўсди. Хитой божхона маълумотларига кўра, январь–октябрь ойларида икки томонлама савдо қарийб 242,5 миллиард долларга етган. Бу рақамлар икки давлат иқтисодий алоқаларининг мустаҳкамлигини, айни пайтда ташқи шароитларга боғлиқлигини ҳам кўрсатади.
Россия Хитойга асосан нефть, газ ва бошқа хомашё маҳсулотларини етказиб беради.
Хитой эса Россияга автомобиллар, электроника, саноат ускуналари ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилади. Бундай савдо тузилмаси муайян номутаносибликни юзага келтиради: Москва Хитой бозори ва технологияларига эҳтиёж сезади, Пекин эса савдо ҳамкорларини танлашда кенгроқ имкониятларга эга.
Шунинг учун ёпиқ музокараларда нефть ва газ нархлари, янги энергетика лойиҳалари, банк ҳисоб-китоблари, транспорт йўлаклари ва технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Хитой банкларини Россия компаниялари билан ишлашда эҳтиёткорликка ундаётган иккиламчи санкциялар хавфи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яқинлда Путин визасиз режим шарофати билан икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқими 43 фоизга ошганини ҳам маълум қилган эди. Бу гуманитар алоқалар ҳам кенгайиб бораётганини кўрсатади.
«Тоғдек мустаҳкам» муносабатлар нимани англатади?
Си Цзиньпин Россия ва Хитой муносабатларини тоғдек мустаҳкам деб таърифлади.
Путин эса икки давлат «елкама-елка» ҳаракат қилаётганини яна бир бор таъкидлади.
Бундай сиёсий риторика бир нечта мақсадга хизмат қилади. Москва учун бу Россия халқаро майдонда яккаланиб қолмаганини намойиш этади. Пекин учун эса Ғарб босимига қарамасдан, стратегик ҳамкорликни давом эттириш ниятини ошкор қилди. Вашингтон учун бу Россияни Хитойдан тўлиқ ажратиб қўйишга қаратилган сиёсат тез натижа бермаслиги ҳақидаги сигналдир.
Бироқ сиёсий ҳамжиҳатлик ҳарбий иттифоқ дегани эмас. Хитой ўзини бошқа давлатларнинг урушларига тортиб кетиши мумкин бўлган мажбуриятлардан қочишга интилади. Шу билан бирга, мустақил қарор қабул қилиш имкониятини сақлаб қолишни хоҳлайди. Си Цзиньпин ташқи сиёсатининг ўзига хос жиҳатларидан бири айнан шу жиҳатда ўз аксини топади.
Хитой — янги геосиёсий тизимнинг марказими?
Музокаралар ўтказилган шаҳар ҳам рамзий аҳамиятга эга.
Шэньчжэнь Хитойнинг етакчи технологик марказларидан бири бўлиб, мамлакат иқтисодий тараққиёти ва инновациялар соҳасида жаҳон етакчисига айланиш интилишининг тимсолидир. Путин ва Трампни қабул қилиш орқали Пекин нафақат дипломатик меҳмондўстликни, балки йирик давлатлар ўртасидаги музокаралар учун марказий майдон бўла олишини ҳам намойиш этмоқда.
Эҳтимол, учрашувнинг асосий сиёсий ишораси айнан шунда. Хитой Россия–АҚШ мулоқотида иккинчи даражали иштирокчи эмас, балки мустақил қарор қабул қилувчи куч маркази бўлишни истайди. Бундай вазият Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар ва хавфларни юзага келтиради. Савдо ва транспорт алоқаларининг кенгайиши эса минтақавий иқтисодий тараққиётни тезлаштириши мумкин.
Бироқ йирик давлатлар рақобатининг кучайиши санкциялар, инвестиция лойиҳалари ва мустақил ташқи сиёсат юритиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли минтақамиз давлатлари учун кўп векторли ташқи сиёсатни сақлаш ва Марказий Осиёни бошқаларнинг келишув объектига айлантирмаслик айниқса долзарб масала бўлиб қолаверади.
Абулфайз Сайидасқаров





