platina.uz

Ички ишлар энди зўравонлар рўйхатини тузади

Бунда асосий эътибор таълим ва меҳнат муносабатларига қаратилади.

Жамият
3 май, 21:06
Ички ишлар энди зўравонлар рўйхатини тузади

Ички ишлар органлари таълим ва меҳнат муносабатларида зўравонлик қилган шахсларнинг рўйхатини тузиб чиқади. Бу ҳақда президентга қилинган тақдимотда айтилди.

Бунда ҳимоя ордерини бериш билан бир вақтда зўравонни тузатиш дастури ишлаб чиқилади ва “Инсон” маркази билан келишган ҳолда амалга оширилади. Ички ишлар органлари зўравонларнинг реестрини юритиш тартибини жорий этади.

Зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар стандарти ишлаб чиқилади. Бу соҳада нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожлантирилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, жамиятда ҳар уч аёлдан бири зўравонликнинг муайян шаклига учрамоқда. Шунинг учун ривожланган давлатларда бундай шахсларга тезкор психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга маҳалла даражасида кўрсатиладиган хизматлар йўқ, туман даражасидаги амалий ёрдам сифати ҳам юқори эмас, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу боис зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг 3 босқичли янги тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, маҳалла даражасида ижтимоий ходим, профилактика инспектори ва хотин-қизлар фаоли тазйиқ ҳолатини ўрганиб, доимий кузатиб боради. Туман миқёсида “Инсон” марказларида ҳимоя ордери талаб қилмасдан психологик, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Шифохоналарнинг шошилинч бўлимларида бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

Вилоят даражасида реабилитация марказларида ариза талаб этмаган ҳолда ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ 6 ойгача бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+