platina.uz

Уй-жойини яхшилашга муҳтож бўлганларга 120 миллион сўмгача кредит берилади

Субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади.

Иқтисод
2 май, 17:59
Уй-жойини яхшилашга муҳтож бўлганларга 120 миллион сўмгача кредит берилади

“2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-70-сон, 30.04.2024 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури (Дастур) доирасида, қуйидагилар амалга оширилади:

- ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;

- қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар ича тақдим этилади;

- кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари жорий қилинади;

- ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади;

- камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади.

2024 йил 1 июндан “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади.

Бунда:

- ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;

- ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

Дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади:

- субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади;

- 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;

- бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+