platina.uz

"Odnoklassniki"да тақиқланган материалларни тарқатган шахс уч йилга қамалди

Шунингдек, Фарғона вилоят суди инстанциясида 9 йилга ҳукм этилган айбланувчи иши кўрилди. У терроризмни молиялаштириш ва террористик ташкилотга қўшилишга уринишда айбланганди. 

Жамият
1 май, 16:17
"Odnoklassniki"да тақиқланган материалларни тарқатган шахс уч йилга қамалди

"Odnoklassniki" тармоғида ақидапарастлик мазмунига йўғрилган тақиқланган материалларни тарқатган шахс уч йилга қамалди. Жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди биносида сурхондарёлик фуқарога суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, судланувчи "Odnoklassniki" тармоғида профил яратиб, 2022 йилнинг 10 январидан 2023 йилнинг 30 ноябригача Абдуллоҳ Зуфар, Абу Муовия, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг жиҳод, ҳижрат ва шаҳидлик мазмунидаги материалларини тарқатган. У тармоқда 967 та виртуал дўсти ва 127 нафар обуначилари мавжуд бўлган. Бундан ташқари айбланувчи Youtube тармоғида ҳам шундай мазмундаги видеоларни томоша қилиб, уларга класс белгисини босган.

Судланувчи жараёнда ўз айбига иқрорлигини билдирди, шунингдек, судда гувоҳлар ва ашёлар ўрганилганда, далиллар ўрганилганда унинг айби ўз тасдиғини топгани маълум қилинган. Якуний ҳукмга кўра, айбланувчи ЖКнинг 244-моддаси, "г" банди, ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанциясида ақидапарастликда айбланиб, аввал 9 йилга ҳукм қилинган Ххх нинг иши кўриб чиқилди. Ххх дастлаб 2022 йил майда Фарғона шаҳар суди томонидан 9 йилга ҳукм этилган. Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 28 июлдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Ххх 2020 йил декабрь ойида “Telegram” мессенжери орқали “JTM” каналига аъзо бўлиб, ушбу каналда дастлабки терговда Истанбул шаҳрида яшовчи, Ироқ, Сурия ва Афғонистон давлатларида фаолият олиб бораётган “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти тарафдори бўлган “Али” исмли шахс билан танишган. Сўнгра, Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштирган. Бундан ташқари у таниши М.Жуманбоевнинг номига расмийлаштирилган пластик картасига 15.000.000 сўм пулларни юбориб, терроризмни молиялаштирган.

Ххх Истанбулда бўлиб келгандан сўнг, “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти аъзоси Ххх ва бошқалар билан алоқа ўрнатиб, улар билан Андижон ва Қўқон шаҳридаги чойхоналарда йиғинлар ташкил қилган.

Ҳимоячининг шикоятида Хххнинг ёшлиги ва руҳий ҳолати бузилгани сабабли ҳаракатларини оқибатини тушунмагани, руҳий касаллиги, саломатлик ҳолати, жазони ижро этиш муассаси томонидан ижобий тавсифлангани, тузалиш йўлига ўтганини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаш ҳақида важ келтирган бўлса-да, тафтиш инстанцияси унинг ушбу важлари мавжуд қоида ва далилларга мос келмаган. Натижада Хххга чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+