Қозоғистонда собиқ ички ишлар вазири қўлга олинди
Маълумотларга кўра, бу 2022 йилдаги "қонли январ" воқеалари билан боғлиқ. Ўшанда расмий маълумотларга кўра, 238 киши ҳалок бўлган.
Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакат собиқ ички ишлар вазири Эрлан Турғумбаевнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Бунга Олмаота ва бошқа шаҳарлардаги оммавий норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлар камида 238 кишининг ўлимига сабаб бўлган 2022 йил январидаги воқеалар юзасидан олиб борилган тергов сабаб бўлди.
Прокуратуранинг билдиришича, Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда.
"Жиноят ишида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар мавжудлигини ҳисобга олиб, дастлабки терговнинг бошқа маълумотлари ошкор этилмайди", деб ёзади прокуратура.
2022 йил январ воқеаларидан сўнг Турғумбаев Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари лавозимидан озод этилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 2 январ куни Қозоғистон ғарбидаги нефтчиларнинг Жанаўзен шаҳрида газ нархи ошишига қарши тинч митинглар бошланди. Қозоғистонликлар ўз ерларида ишлаб чиқарилган ёқилғи икки баравар қимматлашганидан норози бўлган. Кейинги кунларда митинглар мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам тарқалди. Кун тартиби ҳам кенгайиб, бутун мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни қамраб олди.
Намойишларнинг дастлабки кунларида Қозоғистон хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли граната ва резина ўқлардан фойдаланган. Бироқ 5 январ куни Олмаотадаги Республика майдони ва унга туташ президент қароргоҳида отишма бошланди.
Умуман олганда, расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида 238 киши ҳалок бўлган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари қурбонлар сони кўплигини таъкидламоқда. Бош прокуратура маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Олмаота ва бошқа шаҳарларида давлат идоралари, президент қароргоҳи, дўконлар ва бошқа биноларга қилинган қуролли ҳужумлар оқибатида 92 киши ҳалок бўлган.