Россияда ўзбекистонлик ёнғин ичида қолган одамларни қутқарди
Эркакнинг сўзларига кўра, ҳарбий билимлари унга жасорат кўрсатишга ёрдам берган: у ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилган.

Санкт-Петербургда Олимжон исмли ўзбекистонлик ишчи учинчи қаватдаги дренаж трубасига кўтарилиб, қизалоқларни олов ичида қолган уйдан олиб чиқди. Ёнғин содир бўлган жойда биринчилардан бўлиб ўзбекистонлик пайдо бўлган, дея ёзади маҳаллий нашрлар.
"Эрталаб соат бешларда бинони текшириш учун кирдим, учинчи ёки тўртинчи қаватлардан тутун чиқаётганини кўрдим. Ўт ўчирувчилар чақирилди. Шунда аҳоли қичқира бошлади. Қаттиқ тутун туфайли эшикдан киришнинг иложи бўлмади. Мен сакрамоқчи бўлган ёш аёлларни кўрдим, бундай қилмасликларини айтдим", — деди Олимжон.
Шунда Олимжон жабрдийдалар олдига мўрига чиқиб, уларни тута бошлади. Ўшанда ўт ўчирувчилар нарвонни олиб чиқишган. Қизлардан бири пастга тушди. Қолган икки киши юк крани ёрдамида олиб туширилган.
Эркакнинг сўзларига кўра, ҳарбий билимлари унга жасорат кўрсатишга ёрдам берган: у Ўзбекистонда ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилган. Олимжон бокс билан ҳам шуғулланган. У етти йилдан бери оиласи билан Россияда яшайди. Икки вояга етган қизи ва неваралари бор.
Одамлар бир-бирига ёрдам беришлари керак. Инсоннинг миллати мен учун фарқи йўқ, — дея қўшимча қилди қаҳрамон.
Бино менежерининг 360.ру нашрига айтишича, Олимжон олти йилдан ортиқ ушбу ҳудудда ишчи бўлиб ишлайди.
"У жуда яхши ва камтар инсон. Эҳтиёткор, ҳар доим ҳаммага ёрдам беради", деди у.




