platina.uz

Ҳиндистонда парламент сайловлари авжига чиқди

Ушбу сиёсий жараён Ер юзидаги энг катта сайлов ҳам ҳисобланади, унда қарийб бир миллиард киши қатнашади. 

Жаҳон
25 апрель, 20:20
Ҳиндистонда парламент сайловлари авжига чиқди

Ҳиндистонда парламент сайловлари давом этмоқда. Олти ҳафта - жорий йилнинг 19 апрелидан 1 июнигача давом этадиган мазкур сиёсий кураш Ҳиндистондаги олий лавозим - бош вазирлик курсиси учун кечмоқда.

Ҳиндистондаги сайловлар Ер юзидаги энг катта сайлов ҳам ҳисобланади: мамлакатнинг 28 та штати ҳамда 8 та иттифоқчи ҳудудларида ўтказилаётган сайловларда 1 миллиардга яқин - 968,6 млн аҳоли 1,04 миллион сайлов участкаларида ўзи танлаган номзод учун овоз бериши кутиляпти.

Шунингдек, бу сайловлар давомийлиги бўйича Ҳиндистон мустақилликка эришган йилдаги илк сайловлардан кейинги ўринда туради: 1947 йилда ҳиндистонликлар 4 ой мобайнида овоз беришган эди.

Ҳиндистонда сайловлар ўтказишга сайлов комиссияларининг 15 млн. нафар аъзоси жалб этилган. Уларнинг аксарияти бориш қийин бўлган сайлов участкаларига қайиқ, туя ва ҳатто вертолетда етиб олишларига тўғри келади.

Сайловларнинг хавфсиз ўтиши учун 300 мингдан ортиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари жалб этилган. Улар сайлов комиссияси аъзоларига ҳамроҳлик қилишади, участкаларда тартибни сақлаш ва тўлдирилган бюллетенларни асраш учун жавоб беришади.

Сайловдаги асосий рақиблар

Ҳиндистонда бош вазир 5 йил муддатга сайланади. Амалдаги бош вазир вазир, “Бхаратия жанат” партияси етакчиси Наренда Моди учинчи марта бу лавозимда қолиш учун ўз номзодини қўймоқда.

“Бхаратия жанат” партияси етакчилик қилган альянс 2014 йилдаги сайловларда ҳам ғолиб бўлган, партия етакчиси Нарендра Моди эса Ҳиндистон бош вазири этиб сайланган эди.

“Бхаратия жанат” - (ҳиндча – “Ҳиндистон халқ партияси”) 1980 йилдан тузилган бўлиб, ҳинд миллатчилиги, консерватизм ва ўнг популизм сиёсий йўналишида фаолият юритади.

Бу партия Ҳиндистондаги миллий ва диний озчиликка – асосан мамлакат аҳолисининг деярли 15 фоизини ташкил этувчи (202 млн. киши) мусулмонларга қарши ашаддий душманона кайфиятдаги партия ҳисобланади.

Наренда Моди мамлакатни бошқарган даврда мусулмонларга қарши миллий адоват ниҳоятда кучайиб кетди. Мусулмонларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш, уларни камситиш, таҳдид солиш ва ҳатто оломон қилиб ўлдириш ҳолатлари кўпайди. Кўплаб масжидлар, Бобурийлар ҳукмронлигини эслатувчи масжид ва тарихий обидалар турли баҳоналар билан бузиб ташланди. Бунга аввало Моди ва унинг ҳукумати юритаётган сиёсат, аксилмусулмон тарғибот ҳамда миллатчиларни қўллаб-қувватлаши ва уларнинг мусулмонларга жиноятларини хаспўшлаши сабаб қилиб кўрсатилади.

Масалан, 1990-йилларда Уттар-Прадеш штатининг Айодхйе шаҳридаги Бобурий масжидининг бузиб ташланиши ва мусулмонларнинг ўлдирилиши, орасида “Бхаратия жанат” партияси ҳам мавжуд ҳинд миллатчи ташкилотлари томонидан ташкил этилгани 2009 йилда «Либерхан комиссияси» томонидан тасдиқланган эди.

Бу миллатчи партия мусулмонларни улар ўртасида туғилиш кўрсаткичлари юқорилиги учун танқид қилиб, келажакда Ҳиндистондаги мусулмонлар сони ҳиндлардан ортиб кетишидан асоссиз хавотир олмоқда.

Шу боис Моди ҳукумати Ҳиндистонда мусулмонлар ҳукмронлик даврлар ҳақидаги тарих ва бу тарихни тасдиқловчи барча обида ҳамда манбаларни йўқ қилиб ташлашга уринмоқда. Бу тарихни дарсликлардан ҳам олиб ташлашга ёки ҳинд миллатчилиги нуқтаи назаридан талқин этиб, бузишга эришмоқда.

Рақиблар кучли эмас...

Ҳозирги сайловлардаги асосий “жанглар” “Бхаратия жанат” партияси кўрсатган номзод ва унинг азалий ҳамда тарихий сиёсий рақиби, мамлакатдаги энг кекса сиёсий куч – 1885 йилда асос солинган “Ҳиндистон миллий конгресси” вакили ўртасида кетяпти.

Бироқ экспертларнинг таъкидлашича Нарендра Модига қарши ундан кучлироқ сиёсий рақиб майдонда йўқ.

Батафсил изоҳлайдиган бўлсак, Ҳиндистондаги 26 та партия Модига қарши коалицияга бирлашган. Улар “Бхаратия жанат” партияси, демакки Нарендра Модининг учинчи марта ҳам сайловларда ютиб чиқишига йўл қўймасликка келишиб олишган.

Бундай бирлашув “Ҳиндистон миллий конгресси” партиясининг етакчиси Раҳул Гандининг ташаббуси билан амалга ошди. Ганди ва унинг онаси ва партиянинг собиқ раҳбари Соня Ганди Мумбайда бошқа партия вакиллари билан 2 кунлик учрашувда Мондига қарши ягона сиёсий мушт бўлиши таклифи берилган. Партиялар барча сайлов участкаларида битта умумий номзодни кўрсатишга қарор қилишган.

Умумий қилиб “Инклюзив тараққиёт учун Ҳиндистон миллий конгресси” деб аталадиган ушбу альянс миллатчилик кайфиятидан йироқ ва барча фуқароларга дини ва миллатидан қатъий назар бир бир хил имконият беришни ваъда беради.

Лекин Модининг партияси етакчилик қилувчи “Миллий демократик алянс” анча кенг қамровга эга. “Бхаратия жанат” партияси мамлакатдаги 28 та штатдан 10 тасини назорат қилади, бошқа партяилар билан ҳамкорликда 12 та штатда устуворликка эга.

Қолаверса, “Бхаратия жанат” партияси мамлакат қуйи партиясидаги 55 фоиз ўринни эгаллаган, Модининг ўзи эса айни пайтда Ҳиндистондаги энг машҳур сиёсатчи ҳисобланади. Шу боис Моди ва унинг партияси шу кунлардаги сайловларда енгил ғалабага эришиши прогноз қилинаётган “сиёсий фаворит” ҳисобланади.

Зеро, Моди бош вазир сифатида ҳиндларнинг (айнан ҳиндларнинг!) меҳрини ва ишончини қозона олди.

Унинг даврида Ҳиндистон ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар учун тенг ҳамкор ва молиявий доноргаа айланди. Халқаро майдондаги обрўсини оширди. Мамлакат иқтисодиёти 2005 йилдан бери деярли 2 бараварга ўсди. Ўтган йили унинг ўсиш даражаси 7,3 фоизни ташкил этди. Ҳиндистон ЯИМ бўйича, аҳолисининг харид қобилияти паритети бўйича дунёда 3-ўринга чиқиб олди.

Мамлакат электрон саноат, компютерлар, дастурий таъминот ва бошқа илғор технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ҳам жаҳонда етакчи ўринларни эгаллади.

Ҳиндистон дунёда ишлаб чиқарилаётган жами дори-дармонларнинг 25 фоизини ишлаб чиқаради. Айни даврда ҳарбий саноатини ривожалантирмоқда, фазони, шунингдек, Арктика ва Антарктикани тадқиқ этиш жараёнларида иштирок этмоқда.

Нарендра Моди сиёсатининг натижаси дея кўрилаётган ютуқлар орасида энг аҳамиятлиси – мамлакатда ўрта табақани шакллантириш бўлди. айни пайтда улар 400 миллион кишига яқинлашиб қолган.

Моди ғалаба қилса нима ўзгаради?

Модига кўплаб ютуқлар нисбат берилишига қарамасдан, Ҳиндистон аҳолисининг аксарият қисми натурал хўжалик шароитида яшамоқда. Аҳолининг 22 фоизи қашшоқлик даражасидан ҳам паст шароитларда яшаяпти. Деярли 50 фоиз аҳоли эса ўрта макатабларда ўқимаган, саводсиз, ОАВ билан танишиш имкониятига эга эмас. Энг қизиғи, мана шу “анаъанавий Ҳиндистон” мамлакат аҳолисининг 3 дан 2 қисмини – сайловчиларнинг аксарият қисмини ташкил этади.

Моди ва унинг партияси айни шу қатламнинг “кўнглини овлашга” ҳаракат қилиб келмоқда ва мақсадига эришмоқда ҳам. Аҳолини арзимаган популистик саховат билан шод қилиш, мамлакатдаги муаммоларнинг сабабчиси дея мусулмонларни кўрсатиб, уларга қаши гиж-гижлаб сиёсий балл олишнинг уддасидан чиқмоқда.

Гарчи Ҳиндистонда ҳали сайловлар якунига етмаган бўлсада, экспертлар Модининг яна ўз лавозимида қолишини башорат қилишмоқда. Бундай сценарий оқибатлари эса Нарендранинг айни пайтгача эришган натижаларини такрорлайди ва янада кучайтиради. Ва афсуски мусулмонлар ва уларнинг маданиятига қарши курашни янада авж олдиради. Буни Нарендранинг ўзи ҳам яширишга уринаётгани йўқ. Масалан куни кеча электорат билан сайловолди учрашувида у Ҳиндистондаги мусулмонларни “айғоқчилар” деб атаган ва мамлакат бойликларини улар билан баҳам кўришни бас қилишга чақирган.

Партия матбуот котиби Гаурав Бхатиа Моди айтган сўзлар учун узр сўрашдан бош тортди. “Модининг сўзлари одамларнинг фикрларини акс эттириши ва у нарсаларни ўз номи билан аташи”ни маълум қилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ушбу сайловлар етти босқичда бўлиб ўтади ва 1 июнда якунланади. Натижалар жорий йилнинг 4 июнида эълон қилинади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+