platina.uz

Тошкентда таълимга оид янги лойиҳа тақдимот қилинди

"Teach for Uzbekistan" таълим тизимини ривожлантиришга ёрдам бериш, мураккаб ижтимоий ҳолатдаги мактабларга мутахассисларни ўқитувчи сифатида жалб қилиш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва бошқа мақсадларни кўзда тутади. 

Жамият
23 апрель, 16:00
Тошкентда таълимга оид янги лойиҳа тақдимот қилинди

21 апрель куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида "Teach for Uzbekistan" васийлик кенгаши аъзолари – Нозима Давлетова (Президент Администрацияси Ташқи алоқалар бўлими Ташқи сиёсатни ахборот-таҳлилий таъминлаш ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўлими мудири, лойиҳанинг васийлик кенгаши аъзоси), Зафар Ҳошимов ("Anglesey Food" корхонасиниг асосчиси, лойиҳанинг васийлик кенгаши раиси) ва жамоа аъзолари иштирокида "Teach for Uzbekistan" ташкилотининг расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда ташкилот фаолияти мақсадлари, вазифалари ва режалари ҳақида батафсил маълумот берилди, "Teach for Uzbekistan" лойиҳасининг фуқаролик жамияти ташаббуси сифатида таълим тизимига етакчи ёшларни жалб қилиш вазифасининг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Нозима Давлетова таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг долзарблиги, бундай ислоҳотлар натижалари узоқроқ вақт давомида кўриниши ва бунда жамият, ўқитувчилар ва давлат томонидан биргаликдаги саъй-ҳаракатларгина натижага олиб келиши мумкинлиги ҳақида, шунингдек, "Teach for Uzbekistan" лойиҳасининг ўқитувчилик касби мақомини ошириш ва мактаб таълимига илғор етакчиларни жалб қилиш орқали ўқувчилар ва мактабларга катта манфаат олиб келиши ҳақида гапирди.

Зафар Ҳошимов ўқитувчилик касби ва унинг жамиятдаги муҳим ўрни, ўқитувчилик тажрибасининг ёшларнинг келгуси иш фаолияти ва шахсий ривожланишдаги катта манфаатини ўз тажрибалари асосида сўзлаб берди.

Ташкилот таъсисчиси ва директори – Умида Йўлдошева ижтимоий лойиҳалардаги тажрибалари, ўқитувчиларнинг ёшларга кўрсатадиган ижобий таъсири, таълим ва айнан лойиҳанинг долзарблиги, лойиҳа мазмуни ва қисқа муддат ичидаги натижалари ҳақида гапирди.

"Teach for Uzbekistan" жамоаси лойиҳанинг асосий мазмуни, босқичлари, жараёнлар ва олдига қўйилган қисқа ва узоқ муддатли режалари ҳақида маълумот берди:

– Павел Федосеев ("Teach for Uzbekistan" таълим йўналиши раҳбари) Ўзбекистон мактаб таълим тизими тўғрисидаги ва халқаро даражадаги тадқиқотлар натижалари билан бўлишди.

– Фёдор Шеберстов («Учитель для России» лойиҳаси таъсисчиси, «Teach for Central Asia» ташаббускори) таълим тизимидаги ислоҳотлар ва «Теач фор Узбекистан» каби ташаббусларни амалга оширишдаги тажрибаси билан бўлишди.

– Мадина Бўриева ("Teach for Uzbekistan" ташкилоти таъсисчи, таълим лойиҳалари координатори) лойиҳа концепцияси, асосий босқичлари, жараёнлар ва олдига қўйилган қисқа ва узоқ муддатли режалари ҳақида маълумот берди.

– Нигинахон Раҳмонова ("Teach for Uzbekistan" рекрутмент йўналиши раҳбари) танлов жараёни ва ҳозирда олиб борилаётган фаолият натижалари билан бўлишди.

Шунингдек, лойиҳада қатнашиш истагини билдирган ёшлар ҳам сўзга чиқиб, бу лойиҳаниниг таълим тизимига ва оддий мактаб ўқувчиларининг ривожланишига қўшадиган ҳиссаси, таълимниниг инсон ҳаётидаги аҳамияти ва ўз тажрибалари мисолида таълим муаммоларини гапириб бердилар. Улар бундай муаммоларга ечим топиш учун айнан "Teach for Uzbekistan" билан биргаликда ҳаракат қилиш мақсадларини ва сабабларни айтиб бердилар.

Ташкилот ҳақида:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 15 февралда рўйхатга олинган "Teach for Uzbekistan" нодавлат нотижорат муассасаси асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим тизимини ривожлантиришга ёрдам бериш, шу жумладан, қишлоқ ва шаҳарлардаги мураккаб ижтимоий ҳолатдаги мактабларга ёш етакчилар ва мутахассисларни ўқитувчи сифатида жалб қилиш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакаларини оширишга кўмаклашиш ҳамда таълим соҳасида тизимли ва стратегик ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Фаолият ҳақида:

"Teach for Uzbekistan" – бу юқори малакали ўқитувчилар етишмовчилиги бор бўлган вилоят мактабларида ишлаш учун энг яхши маҳаллий ва хорижий ОТМлар битирувчилари ва ёш иқтидорли нопедагог мутахассисларни жалб қилишга қаратилган ноёб ташаббусдир. Ушбу лойиҳа янги авлод педагогларини илҳомлантириш ва уларни таълимни ривожлантиришга ҳисса қўшишга, шунингдек, Ўзбекистон болаларининг барчасига сифатли таълим олиш имкониятини таъминлашга ундаш учун йўлга қўйилди.

Ташкилот жамоаси фаол тарғибот ишларини бошлаган бўлиб, танлов жараёни март-июнь ойларида бўлиб ўтади. Ҳозирда ютимиздаги олий таълим муассасалари битирувчилари ва чет элдаги ҳамютларимиз ичида лойиҳа иштирокчисига айланиш истагини билдираётган ёшлардан аризалар қабул қилинмоқда.

Лойиҳада иштирок этиш учун номзодлар 5 босқичли танлов жараёнидан ўтадилар ва бу танлов ўқитувчилик фаолиятини олиб бориш учун билим, қадрият, маҳорат ва кўникмалар жиҳатидан энг мос иштирокчиларни танлаб олишга ёрдам беради.

"Teach for Uzbekistan" лойиҳасининг танловдан ўтган иштирокчилари июль-август ойларида "Ёзги институт"да қатнашиб интенсив ўқув ва амалий тайёргарликдан ўтадилар, бу эса уларнинг педагогик маҳоратларини оширишга ёрдам беради ҳамда таълим соҳасида инновацияларни жорий этиш учун зарур бўлган етакчилик сифатларини ривожлантиришга имкон беради.

Ўқув дастурини мувафақиятли якунлаган иштирокчилар оддий вилоят мактабларида 2 йил давомида педагогик фаолият олиб борадилар, бунда лойиҳа жамоаси уларни методологик, жамоавий, психологик ва молиявий томондан қўллаб-қувватлайди. Бунда иштиоркчиларнинг олдига қўйилган мақсад – нафақат ўқувчиларнинг академик кўрсаткичларини ошириш, балки уларга ҳаётда ва иш фаолиятида зарур бўладиган "XXI аср кўникмалари" деб аталадиган юмшоқ кўникмаларини ҳам ривожлантиришга ёрдам берадилар.

Лойиҳанинг илк 30 нафар иштирокчисини 2024 йил сентябрь ойида мактабларга жўнатиш режалаштирилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+