Шавкат Мирзиёев Тўқаевга ҳамдардлик билдирди
Қозоғистондаги сув тошқинлари "сўнгги 80 йилдаги энг йирик табиий офат" дея тарифланганди. Тошқинлар сабаб юз мингдан ошиқ инсон эвакуация қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари қардош Қозоғистон етакчиси ва халқига ушбу мамлакат ҳудудидаги кенг миқёсли тошқинлар натижасида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди.
Бундай табиий офатлар кейинги пайтларда минтақамизда кузатилаётган иқлимнинг салбий ўзгаришлари оқибати экани қайд этилди.
Бу борада яқин амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Президентлар яқинда Хива шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар ва бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги тошқинлар сабаб ўнга яқин киши ҳалок бўлди, юз минглаб инсонлар эвакуация қилинди. Мамлакат ушбу ҳодисалар сабаб йирик иқтисодий форумни ҳам бекор қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳам Қозоғистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди.