Радар бўйича янгилик нотўғри талқин қилиняпти
Фото ва видеорадарлар орқали аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлар 48 соат ичида келмаса, ҳайдовчи жавобгарликдан озод бўлиши ҳақидаги хабар одамларни чалғитяпти.
Бугун бир қатор сайтлар, шунингдек, Platina.uz ҳам фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар ҳайдовчиларга 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақида ёзиб, кўпчиликни чалғитмоқда.
Аслида бу ерда сал тушунмовчилик кетган. Platina.uz бу бўйича кичик суриштирув ўтказди. Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев бу ҳақда батафсил тушунтириш берган.
Радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар 48 соат ичида жарима ҳақида қарор ёзадиган ваколатли органга, яъни ЙПХ марказига юборилади. Ваколатли орган қарорни 15 кундан кечиктирмай чиқариши керак.
Демак, умумий ҳисобда қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бу ҳақдаги маълумот ҳайдовчига узоғи билан 17 кун ичида етиб бормаса, кейин жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Лекин қонун лойиҳасида камчилик бор. Масалан, ваколатли орган 15-куни қарор чиқарсаю, почта орқали бир неча кундан кейин етиб борса, бу ҳолатда қандай йўл тутилади?