Таниқли шоир Эркин Самандар вафот этди
Драматург сифатида “Жавоҳир”, “Аждодлар қиличи”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Башорат”, “Арабмуҳаммад”, “Дилда борим” ва бошқа саҳна асарларини ёзган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, носир ва драматург Эркин Самандар вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Эркин Самандар 1935 йилнинг 22 мартида Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Навхос қишлоғида дунёга келган. 1957 йили вилоят Педагогика институтини, 1967 йили ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасини тамомлаган. Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студиясининг бош муҳаррири, адабий-драматик эшиттиришлар дастурининг бош муҳаррири, “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасининг муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатган.
Биринчи шеърий тўплами “Аму жилолалари” (1966) номи билан чоп қилинган. Шунингдек, унинг “Дунёнинг ёшлиги” (1968), “Осмон тўла нур” (1970), “Вафо деган гавҳар” (1973), “Менинг йигитлик вақтим” (сайланма, 1979), “Қабул соатлари” (1980), “Соҳилдаги болалар” (1982), “Яблоня во дворе” (Москва, 1982), “Баҳор оқшомлари” (1984), “Шедрост рассвета” (1985), “Севги фасллари” (1987), “Бу боғни қайси боғ дерлар” (1988), “Севги китоби” (1996), “Ва яна баҳор” (2010, Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда), “Кўнгил ёшлиги” (2010) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Осмоннинг тош тулпори”, “Олтин сандиқ”, “Қўшиқ излаб”, “Самарқандни ошиқлар қурган” каби достонлари, 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифидир.
Эркин Самандар тарихий мавзуда яратилган “Дарёсини йўқотган қирғоқ” (роман, 1989), “Тангри қудуғи” (роман, биринчи китоб 1989), “Қудуқ тубидан садолар” (роман, иккинчи китоб, 1989), “Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий” (2000), “Султон Жалолиддин” (роман, 2007), “Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий” (роман, 2009), “Ғайб қушлари” (роман, қисса ва ҳикоялар, 2011) каби китоблар муаллифи ҳамдир.
Драматург сифатида “Жавоҳир” (мусиқали драма, 1984), “Аждодлар қиличи” (тарихий драма, 1986), “Жалолиддин Мангуберди” (“Ёт ҳужра”, пьеса, 1988), “Башорат” (мусиқали драма, 1988), “Арабмуҳаммад” (тарихий драма, 1992), “Дилда борим” (мусиқали комедия, 2012) каби саҳна асарларини ёзди. “Аваз Ўтар”, “Мадраим Шерозий”, “Минг отлилар диёри”, “Огаҳий қўлини олган раис”, “Хива”, “Қум сайли” каби ҳужжатли-публицистик фильмлар яратди, кўплаб эсселар ёзди.
Хоразм вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Дилда борим” (2012) ва “Жалолиддин Мангуберди” (2019) спектакллари саҳналаштирилган.
Эркин Самандар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1990) фахрий унвони ва “Дўстлик” (2015) орденига сазовор бўлган.