Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова вафот этди
Ижодкорнинг “Хизр булоғи, “Етти оққуш”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон”, “Аёлга эҳтиром”, “Тонгга қасам”, “Дийдор саодати”, “Вафонинг иффат йўли”, “Бедор тун томчилари” каби шеърий ва публицистик асарлари эълон қилинган.

Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 5 август куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
У аёл қалбининг гўзаллиги ёрқин бадиий образлар, поэтик тасвирлар орқали теран акс эттирилган, ўткир ижтимоий муаммолар таҳлил қилинган “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим” каби дастлабки шеърий тўпламлари адабий жамоатчилик ва китобхонлар томонидан ижобий баҳоланди.
Ижодкорнинг “Хизр булоғи, “Етти оққуш”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон”, “Аёлга эҳтиром”, “Тонгга қасам”, “Дийдор саодати”, “Олимлик ва одамийлик”, “Ватан суврати”, “Вафонинг иффат йўли”, “Бедор тун томчилари” каби шеърий ва публицистик асарлари эълон қилинган.
Шунингдек, “Қаддингни тик тут, аёл!”, “Ватан”, “Она нидоси”, “Давлатли султоним менинг”, “Дунё”, “Онажон тилим”, “Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!” сингари мусиқий тароналар санъат хазинаси ва мухлислар қалбидан чуқур жой олди.
Ўтган асрнинг 20 йилларида, таҳликали бир шароитда олис Германияга бориб ўқиган ва мустабид тузум даврида қатағон қилинган ўзбек аёллари тақдирига бағишлаб, 2024 йилда “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” деб номланган эпик кўламли шеърий роман яратди.
У 1999–2009 йилларда Олий Мажлис депутати, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси каби масъулиятли лавозимларда самарали фаолият кўрсатди.
Шарифа Салимова “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.
