Вьетнамда йирик тадбиркор аёл ўлимга ҳукм этилди
У банкнинг 12,5 млрд. доллар пулини ўзлаштириб юборишда айбланмоқда.
Вьетнамнинг энг бой аёлларидан бири фирибгарлик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди.
У банкдан 12,5 миллиард доллар ечиб олиб, ўзлаштиришда айбланмоқда. Хошимин шаҳри суди 67 ёшли вьетнамлик ишбилармон аёл Труонг Ми Ланни 11 йил давомида мамлакатнинг энг йирик банкларидан бирини талон-тарож қилганликда айблаб, ўлимга ҳукм қилди.
Йирик Van Thin Phat компанияси раҳбари Труонг Ми Лан Вьетнамда молиявий жиноятлар учун ўлимга ҳукм қилинган кам сонли аёллардан биридир. Фирибгарликнинг кўлами ҳам мисли кўрилмаган. Труонг Ми Лан Сайгон тижорат банкидан 304 триллион VND (тахминан 12,5 миллиард доллар) кредит олганликда айбдор деб топилди. Бироқ, унинг ҳаракатларидан кўрилган жами зарар 27 миллиард долларга баҳоланмоқда ва суд ҳукми уни айнан шу суммани қайтаришга мажбур қилмоқда, гарчи айблов бунинг иложи йўқ деб ҳисобласа ҳам.
Тахминларга кўра, суд Труонгни унга босим ўтказиш ва ҳеч бўлмаганда ўғирланган мулкнинг бир қисмини қайтаришга мажбурлаш учун ўлимга ҳукм қилган. Труонг Ми Лан айбини тан олмади ва айбни қўл остидагиларга юклади. Ланнинг оила аъзоларидан бири Reuters агентлигига у ҳукм устидан шикоят қилишни режалаштираётганини айтди.
Труонг Ми Лан Хошимин шаҳрида яшовчи хитой-вьетнам оиласидан чиққан тадбиркор саналади. Катта этник хитой ҳамжамиятига эга бўлган шаҳар Вьетнам иқтисодиётининг қувват манбаи бўлиб келган.
Труонг бозорда савдогар сифатида онаси билан косметика сотган, аммо 1986 йилда Коммунистик партия иқтисодий ислоҳотларни бошлаганидан кейин у ер ва кўчмас мулк сотиб олишни бошлаган. 1990 йилларга келиб у бир нечта меҳмонхона ва ресторанларга эга эди.