Вьетнамда "Яги" тўфони оқибатида 143 киши ҳалок бўлди
Мамлакат шимолидаги сув тошқини бутун бир қишлоқни ювиб кетган.
Вьетнамдаги "Яги" тўфони оқибатида 143 нафар киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда AFP маҳаллий ҳукумат маълумотларига асосланиб. Яна 58 киши бедарак йўқолган.
Associated Press`нинг аниқлик киритишича, Вьетнам шимолидаги сув тошқини бутун бир қишлоқни ювиб кетганидан кейин қурбонлар сони ортган. Натижада камида 16 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёмон об-ҳаво туфайли 210 минг гектарга яқин экинлар нобуд бўлганини маълум қилди. 700 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Аввалроқ Вьетнам шимолида тўфон 375 метрлик Фонг Чау кўпригини бузиб юборган.
Жануби-Шарқий Осиёни 1 сентябрь куни "Супер Яги" тўфони қамраб олди. Тўфон Филиппин, Хитой ва Гонконгда ҳам ўлимга сабаб бўлди.
Табиий офатлар хавфини бошқариш ва камайтириш бўйича Филиппин миллий кенгаши табиий офат келтирган зарарни 1,36 миллиард Филиппин песоси (27,57 миллион доллар) деб баҳолади.
"Яги" тўфони бу йил Осиёдаги энг кучли циклон бўлиб, шамол тезлиги соатига 203 километрга етмоқда.