Тошкентда кўп қаватли уйларни таъмирлашга ажратилган пуллар талон-торож қилинди
Пул ўзлаштирганлар орасида Тошкент шаҳар "Ягона буюртмачи хизмати" ходими ҳам бор.
Тошкентда МЧЖ раҳбари, иш бошқарувчи ва "Ягона буюртмачи хизмати" мутахассиси ўзаро тил бириктириб катта маблағни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукмида маълум қилинган. Суд ҳукми Platina.uz таҳририятида мавжуд.
Унда айбланувчи Р.И. бир гуруҳ шахслар билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, иштирокчиликда мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноятларни содир этган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ДУК ҳамда “Sardor invest mega building” МЧЖ ўртасида 2023 йил 15 март куни Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини жорий таъмирлаш бўйича жами 7 662 007 540 сўмга шартнома тузилган, cўнгра келишув 13 800 006 681 сўмга оширилган. Судланувчи Р.И. МЧЖ директори Э.А ва "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ДУК Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими бош мутахассиси Ш.М билан тил бириктириб давлат бюджетидан молиялаштирилган 6 050 033 347 сўм пул маблағларидан 533 119 190 сўм миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Амалда эса 43 та кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини таъмирлаш, полимер қувурлари, иситиш тизими қувурларини ҳамда ушбу қувурларни бир- бирига уловчи механизмларни ўрнатилганлиги ҳамда бошқа шу каби ишларни амалга оширилганлиги тўғрисида бажарилган ишлар далолатномаларига сохта маълумотларни киритилиб, ушбу далолатномалар буюртмачига тақдим қилинган.
Р.И. дастлабки тергов жараёнида илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди. Тергов жараёнида етказилган 533 119 190 сўм зарар суммаси, “Sardor invest mega building” МЧЖ тўлаб берилиши лозим бўлган пул маблағларидан чегириб қолинган.
Ҳукмга кўра, айбланувчи Р.И. ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 28 ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Натижада унга узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.