Тошкентда тадбиркордан пора олаётган архитектор ушланди
Архитектор мансабдор отаси билан тил бириктириб, қурилиш ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига катта пул талаб қилган.

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда “Ўзбекистон шаҳарсозлик бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти” давлат муассасасининг архитектори андижонлик тадбиркордан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, архитектор “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг Андижон вилояти филиали директори лавозимида ишловчи ўзининг отаси билан тил бириктириб, тадбиркорга Андижон шаҳридаги 2 та манзилда кўп қаватли турар-жой биноларини қуришига оид қурилиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тегишли ташкилотлардаги танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилишган.
Ҳозирда архитектор ва унинг отасига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда вилоят туманларидан биридаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, Қарши туманидаги мактаб директорининг ўринбосарини Яккабоғ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимига тайинланишида ёрдам бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал Андижонда Рақобат қўмитаси мансабдори пора билан қўлга тушганди.




