platina.uz

Президент пойтахтдаги икки мактабга борди

Юнусободдаги 5-мактабда 2 минг 600 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўтган йили 165 нафар битирувчидан 163 нафари олий таълимга ўқишга кирган.

Жамият
3 апрель, 19:00
Президент пойтахтдаги икки мактабга борди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгиланган. Бу борадаги муҳим масалалардан бири - ўқувчи ўринларини кўпайтириш.

Давлат раҳбари янги муассасалар барпо этиш билан бирга, мавжуд мактабларнинг ўзига қўшимча қават ёки ёнидан бино қуриш мақсадга мувофиқлигини айтган эди.

Мазкур 5-мактаб илгари 960 ўринли эди. Лекин ўқувчилар сони 2 мингдан ошарди. Шу боис ўтган йили реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар қурилди. Натижада 1 минг 700 та қўшимча ўрин пайдо бўлди.

Мактабда 65 та ўқув, 12 та чет тили ва 5 та компьютер хонасида замонавий шароитлар яратилди. Ўқувчиларни аниқ фанлар, муҳандислик ва технологияларга қизиқтирувчи STEM-лаборатория ва спорт зали зарур анжомлар билан таъминланди, коворкинг ва рекреация ҳудуди ташкил этилди. Мактаб кутубхонасида 5 минг 800 дан ортиқ илмий ва бадиий адабиётлар бор.

Бугун мактабда 2 минг 600 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўтган йили 165 нафар битирувчидан 163 нафари олий таълимга ўқишга кирган.

Юртимизда ўғил-қизларни ёшлигиданоқ касбга йўналтиришга катта аҳамият қаратилмоқда. 5-мактабда ҳам юқори синф ўқувчилари тикувчилик, пазандачилик, ёғоч ва металлга ишлов бериш кўникмаларини ўрганаяпти.

Президент ушбу тўгараклардаги шароитларни кўздан кечирди.

Тошкент шаҳри директорлар кенгаши аъзолари билан суҳбатда ўқитувчилар меҳнати ва ҳурмати ҳақида сўз борди.

- Шундай вақтлар бўлдики, педагогликка эътибор сусайиб кетди. Ҳозир бу шарафли касбнинг нуфузини тиклаш, уларни моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Янги Тошкент шаҳри қурилишини ҳам Педагогика университети биносига пойдевор қўйишдан бошламоқчимиз. Чунки янги Ўзбекистоннинг биринчи замини - ўқитувчилар. Шунинг учун улар доим ўз устида ишлаши, билим ва услубларини ривожлантириб бориши керак, - деди давлат раҳбари.

Мактабнинг янги имкониятларидан тўла фойдаланиш, таълим сифатини Президент мактабларига яқинлаштирган тарзда ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари шунингдек, Тошкент шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабини кўздан кечирди.

Мактаб ўтган йили республика бюджети маблағлари ҳисобидан бунёд этилган. 250 ўқувчига мўлжалланган. Жорий ўқув йилида 1-синфга 145 нафар ўғил-қиз қабул қилинган.

Бу ерда ёшлар 12 йўналиш бўйича мактабдан ташқари таълим олади. Ўқувчилар ижодий имтиҳонлар асосида саралаб олинади.

Элликка яқин ўқув ва компьютер хоналари, тадбирлар залида шинам шароитлар яратилган. Кутубхонада 5 минг 500 дан ортиқ ўқув адабиёти ва ноталар жамланган.

Президентимиз санъат маънавий бой авлодни тарбиялашга хизмат қилишини, бунга меҳрни болаликдан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда умумий таълим тизими билан мусиқа таълими дастурларини уйғунлаштириш муҳимлиги айтилди. Санъат мактаблари билан олийгоҳлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларининг ҳамкорлиги тизимини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимизда барча мактаблар чолғу асбоблари билан таъминланиб, ёшларнинг қизиқиш ва истеъдоди ривожлантирилмоқда. Бу анъанавий санъат йўналишлари билан бирга мақом, бахшичилик ва мумтоз мусиқа қадриятларимизни давом эттиришга хизмат қилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+