platina.uz

Каррасига қимматлади: машиналарни рўйхатдан ўтказиш нархлари ўзгарди

Ички ишлар вазирининг бу ҳақдаги буйруғи 2024 йил 31 март якшанба куни имзоланган, Адлия вазирлиги ҳам шу куни рўйхатдан ўтказган.

Жамият
2 апрель, 16:53
Каррасига қимматлади: машиналарни рўйхатдан ўтказиш нархлари ўзгарди

Кеча, 1 апрелдан бошлаб машиналарни рўйхатдан ўтказиш нархлари кескин ошиб кетди. Шунингдек, эндиликда электромобиллар ва бошқа ёқилғили автомобилларга 2 хил нарх бўлади.

Янги тартибга кўра, электрокарларни рўйхатдан ўтказиш БҲМнинг 1,5 баравари (510 минг сўм), электрокардан бошқа машиналарни рўйхатдан ўтказиш эса БҲМнинг 6,84 баравари (2 325 600 сўм) миқдорида белгиланди.

Олдинги нарх ҳар қандай машина учун БҲМнинг 10 фоизи, яъни 34 минг сўм эди. Демак, электрокарларни рўйхатдан ўтказиш 15 карра, бошқа машиналар эса 68,4 карра қимматлади.

Бу ҳақдаги буйруқ 2024 йил 31 март якшанба куни Ички ишлар вазирлиги томонидан имзоланган. Буйруқда 2024 йил 30 март шанба куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилгани айтилади. Адлия вазирлиги эса 2024 йил 31 март якшанба куни рўйхатдан ўтказган.

Platina.uz ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вазирликлар билан боғланди. Дам олиш куни буйруқ имзоланиши, аҳоли нега олдинроқ огоҳлантирилмагани ҳақидаги саволларимизга ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов қуйидагича жавоб берди:

"Расмий ахборотдан бошқа изоҳимиз йўқ. Қўшимча маълумот расмий манбаларимиз орқали бериб борилади".

Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоаева эса дам олиш куни ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишда қонунчилик бузилиши, тизим ишлаш-ишламаслигини қуйидагича изоҳлади:

"Ҳужжат ташаббускорлари қайси куни киритса, шу куни рўйхатдан ўтказилади. Тизим дам олиш кунисиз ишлайверади".

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+