Эҳтиёжманд аҳолига минглаб кўчатлар бепул етказиб берилмоқда
Хусусан, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи беш юзга яқин эҳтиёжманд оилаларга 3 мингдан зиёд кўчатлар (олма, гилос, олча, тут) етказиб берилиб, ўша куннинг ўзида экиш ишлари бошлаб юборилди.
Президент Халқ қабулхоналари томонидан Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўй ҳамда бўш ва қаровсиз ерларда дарахтлар экиш, “яшил белбоғлар” барпо этиш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш бўйича берилган топшириқлар ижроси бошлаб юборилган.
Жумладан, Президент Халқ қабулхонаси раҳбарияти ташаббуси билан жойларда “Халқ қабулхоналари боғ”лари яратилмоқда. Мисол учун, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 7 гектар бўш майдонда “Халқ қабулхонаси боғи”ни ташкил этишга киришилди. Бунинг учун чинор, эман, арғувон (багрянник), қарағай, ҳинд сирени, павлония, акация каби 12 турдаги 2,5 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари келтирилди. Кўпнинг кучи бирлашиб, қисқа вақтда 5 гектар ерга 2,5 минг дарахт кўчатлари экилди, ҳудуддаги мавжуд суғориш тизими ҳам янгиланяпти.
Ёки Тошкент вилояти Президент Халқ қабулхонаси ташаббуси билан 1 гектар майдонга 300 туп арча, 150 туп манзарали ва 500 туп мевали (олма, олхўри, гилос, ўрик, анжир, ёнғоқ) дарахт кўчатлари экилиб, катта боғ яратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси ташаббуси билан эса сектор раҳбарлари ҳамда тумандаги давлат идора ва ташкилотлари ходимлари билан ҳамкорликда Амударё туманида “Тўлқин”, “Чойкўл”, “Қипчоқ”, “Ўрта қалъа” ОФЙлари ва “Уйшин”, “Дарё бўйи”, “Бештом” маҳаллаларининг йўл бўйларига 3 мингдан зиёд мевали ва манзарали дарахтдар экилди.
Айнан шундай ҳайрли ишлар Бухоро вилоятида ҳам амалга оширилди. Жумладан, Когон, Жондор ва Ромитан туманларида 2 гектардан ошиқ ерда “Халқ қабулхонаси боғ”лари ташкил этилди. Президент Халқ қабулхонаси, секотр раҳбарлари, жамоат фаоллари билан ҳамкорликда 13 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатлари, узум токлари экилди. Келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам яна 4 мингта манзарали ва 5 мингта мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш режалаштирилган.
Ушбу кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишларида юзлаб масъуллар, нуронийлар, ёшлар, ишчилар, кўнглли ҳашарчилар ўз ҳиссасини қўшди. Бу каби “Халқ қабулхонаси боғ”ларининг яратилиши барча ҳудудларда давом этмоқда.
Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев ташаббуси билан яна бир ҳайрли ишга қўл урилди. Жумладан, яшаш шароити оғир бўлган юзлаб эхтиёжманд хонадонларга томорқадан самарали фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида минглаб мевали дарахт кўчатлари бепул етказиб берилди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 5 юзга яқин эҳтиёжманд оилаларга 3 мингдан зиёд кўчатлар (олма, гилос, олча, тут) етказиб берилиб, ўша куннинг ўзида экиш ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, Президент Халқ қабулхонаси раҳбарияти ҳомийлигида келтирилган 7 мингдан ортиқ тут кўчатлари туманлар кесимида тақсимланиб, жойларга етказиб берилди.
Мисол учун, Кўкдала туманида яшовчи 30дан ортиқ эҳтиёжманд оилалар хонадонларига 500 дан зиёд кўчатлар олиб келиниб, туман Халқ қабулхонаси ва “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан фуқароларнинг томорқаларига экилиши таъминланди.
Ёки Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси томонидан “Яшил макон” дастури доирасида Нурафшон шаҳар “Эвалак” МФЙда яшовчи ижтимоий ҳолати оғир бўлган Хаитов Бахтиёрнинг хонадонига 90 дона терак, 30 дона анор, олхўри мевали дарахт кўчатлари экиб берилди. Шунингдек, маҳалланинг Шижоат ва Шижоат тор кўчаларига 60 дона мевали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Ангрен шаҳрида яшовчи Махмутова Азаданинг томорқасига ҳам 100 дона терак, 10 дона мевали дарахт, 80 дона гул ва райхон кўчатлари экилди.