"Бунёдкор" Ривалдо ва Денилсондан қарз бўлиб қолди
Клуб қарзни тўлаш бўйича футболчилар билан келишувга эришган. Унга кўра, пуллар бўлиб-бўлиб тўланади.
Шу йилнинг 7 февраль куни ФИФА "Бунёдкор" собиқ футболчилари Ривалдо ва Денилсон шикоятлари бўйича қайта иш очган бўлиб, унда клубга катта қарз мажбурияти (9,2 млн. евро) юкланганди.
Клуб 15 кунда футболчилар олдидаги қарздорлик мажбуриятини бажариши лозим бўлган.
ОФК лицензиялаши талабидан келиб чиқиб, профессионал футбол клуби йилнинг 31 март санасига қадар қарздорлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этиши лозим эди.
Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, олиб борилган музокаралар натижасида томонлар 30 март куни келишувга эришди.
Натижада "Бунёдкор" лицензиялаш платформасига лозим ҳужжатларни юклашга улгурди.
ФИФА қарорига кўра, "Бунёдкор" Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликни шу йилнинг 7 апрель санасига қадар бартараф этиши керак эди. Янги келишувга кўра тўланиши лозим бўлган суммалар сезиларли кўринишда камайтирилди. Қўшимчасига, келишилган сумма Денилсонга 2026 йилгача уч қисмга бўлиб тўланадиган бўлди.
Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028 йилга қадар ҳар йили бир мартадан амалга ошириладиган бўлди.