platina.uz

Солихон домла қамалди ва жаримага тортилди

30 март куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида ҳукм ўқилган.

Жамият
1 апрель, 15:28
Солихон домла қамалди ва жаримага тортилди

Тармоқда Солихон домла номи билан танилган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди. Бу бўйича суд ҳукми Platina.uzда мавжуд.

Суд ҳукмида, Солихон Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган, деб топилган.

Ҳукм тафсилотларига кўра, Солихон Ортиқҳўжаев, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 2024 йил 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари томонидан жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан унинг яшаш уйига борганларида, ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, бақир чақир қилган. У баланд овозда “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман” деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқораларнинг тинчилигини бузганлигини ҳамда ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон апаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефон апаратини тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги аниқланган.

Суд мажлисида С.Ортиқхўжаев, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам, 2024 йил 30 март куни ўз яшаш хонадонига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар келганлигини, тинтув бўйича хужжатлари борлигини айтиб уйига киришганлигини, ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўрашганларида уларга, қаршилик кўрсатиб, телефон аппарати йўқлигини айтиб, телефон аппаратини тақдим этмаганлигини, лекин бақир-чақир қилмаганлигини айтиб суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган, дейилади суд ҳужжатида.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида Солихон Ортиқхўжаевга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган

Жазони ўташ муддати 2024 йил 30 март куни соат 15:30дан бошлаб ҳисобланади.

Солихон домла 2022 йилнинг январь ойида Солихон домланинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани ортидан у Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасидан бўшатилганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+