Туркия бормоқчи бўлганлар ҳам огоҳлантирилди
2024 йил январ-феврал ойларида 163 нафар ўзбекистонлик Туркияга киритилмасдан қайтариб юборилган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги элчихонаси Туркия келмоқчи бўлган ватандошларга мурожаат қилди.
Бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда.
Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилмоқда.
Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар “Туркияга кириши исталмаган йўловчи” сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмокда.
Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.
Шу билан бирга, айрим ватандошлардан Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида шикоятлар келиб тушган.
"Бу борада фуқароларимизнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди.
Ўз ўрнида, фуқароларимиздан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади", дея маълум қилади консуллик.
Эслатиб ўтамиз, аввал Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия бўлиб турган ёки бормоқчи бўлганларни огоҳлантирганди. Мазкур огоҳлантиришлар 22 мартда содир этилган теракт билан боғлиқ.