Сурхондарёда археологик ёдгорликка 23,3 млрд. сўмлик зарар етказганлар аниқланди
Улар ёдгорлик ўрнида молхона қуришни мақсад қилган. Мазкур қилмиш учун 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Прокуратура ва Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликдаги назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V – VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлиги 876 м3 майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилгани аниқланди. Ёдгорликка 23,3 млрд. сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги Оқтепа-1 археология ёдгорлигининг 193 м3 тупроғи 3 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олиниб, ёдгорликка 2,6 млрд. сўмлик, Бадахшонтепа археология ёдгорлигининг 164 м3 ҳудуди экин майдонига айлантирилганлиги натижасида 2,3 млрд. сўмлик, Ёмонқиёттепа ёдгорлигининг 12 м3 майдони ковлаб олингани натижасида 163 млн. сўмлик зарар етказилган.
Шу каби, Наманган вилояти Уйчи туманида ўрта асрларга оид Толмозортепа археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланиб, ёдгорликка 871 млн. сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган, дейилади хабарда.