Москвадаги теракт сабаб 11 киши қўлга олинди
Теракт оқибатида қурбон бўлганлар сони эса 93 нафарга етди.
Москвадаги Crocus City Hall марказида содир бўлган теракт ортидан 11 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.
Россия федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников президент Владимир Путинга 11 киши, жумладан, терактда иштирок этишда гумонланаётган 4 нафар шахс ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.
"Террор ҳужуми бўйича ишда шериклар базасини аниқлаш бўйича кейинги ишлар давом этмоқда", — дея қўшимча қилди Кремл.
Шунингдек, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни мамлакат фуқаролари содир этгани ҳақидаги гапларни асоссиз деб атади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия тергов қўмитаси 60 киши ўлгани ҳақида маълумот берган. Сўнгра бу рақамлар 93 нафаргача ортди. Жабрланган сони эса 126 тани ташкил этмоқда.
Москва мэри Сергей Собянинга кўра, терактдан жабрланганларга 500 мингдан 3 миллион рублгача компенсация берилади.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.