platina.uz

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки яширин ерости йўли аниқланди

Ушбу йўл орқали трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолият олиб борган. Улардан қиймати 11 млрд. сўмни ташкил этувчи товарлар ва тилла ашёлар олиб қўйилди. 

Жамият
20 март, 14:11
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки яширин ерости йўли аниқланди

ДХХ Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланиб, улар орқали товар-моддий бойликларни юртимизга олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек куйилди.

Дастлаб Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, юртимиздан эса 1 кг. 745 гр. олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланди ҳамда уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 см.ни, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади.

Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан дастлабки киймати 11 млрд. сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 кг. 745 гр. олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинди.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+