Фарғонада "Агробанк" собиқ мансабдорларининг кирдикорлари ошкор бўлди

Жумладан, омонатчилардан бирининг 600 млн. сўм маблағи кирим қилинмасдан, ўзлаштириб юборилган. 

Жамият
18 март, 12:07
Фарғонада "Агробанк" собиқ мансабдорларининг кирдикорлари ошкор бўлди

"Агробанк"  Фарғона филиали собиқ мансабдорига ўқилган суд ҳукми бўйича апелляция қаноатлантирилмади. Апелляция инстанцияси ажрими нусхаси Platina.uzда мавжуд. Ушбу ҳужжатда банкнинг қатор амалдорларининг ноқонуний  ҳатти-ҳаракатлари ҳам ошкор қилинган. 

Маълум бўлишича, илгари "Агробанк"  Фарғона филиали бошқарувчи ўринбосари лавозимида ишлаган М.А ЖКнинг 59-моддаси тартибида 1 йил 6 ой банк соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. 

Ҳукмга кўра, “Agrobank” АТБ Фарғона филиали бошқарувчиси Х.О, филиал Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими бош бухгалтери А.Т, филиали бошқарувчиси ўринбосари - Фронт офис бошлиғи М.А ва кассир Ш.Блар олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, омонатчи З.Знинг хабарисиз унинг 600.000.000 сўм маблағини бошқа мақсадларда чиқим қилишиб, омонатчининг пластик картасига ўзларининг пулларидан банк орқали ойма-ой пул ўтказишиб, ўзгани жуда кўп миқдордаги маблағини ўзлаштиришган.

Шунингдек, улар кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштиришиб, банкнинг жуда кўп миқдордаги 1.853.941,0 минг сўмини;

- “Fergana-Oseana” МЧЖ хорижий корхонасининг ҳисоб-рақамидан МЧЖ масъул шахсларининг хабарисиз 2023 йил 29 майда 1 582,0 млн. сўм нақд пулларни чиқим қилишиб, кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштиришиб, ўзгани жуда кўп миқдордаги 1 582,0 млн. сўмини ўзлаштириб ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган;

- банк мижозлари томонидан 2023 йил июнь ойига қадар ҳисоб-рақамларига кирим қилиш учун аслида топширилмаган нақд пулларни кирим қилишиб, кирим қилинган нақд  пулларни  эса пул омборига  йўналтиришмасдан, жами 482.920,4 минг сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб юборишган ва бу пулларни нақд шаклда мижозларга касса терминаллари орқали бериб, пластик карталарга хизмат кўрсатилганлигини акс эттиришиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зарар етказганликда айбли деб топилган.

М.А ҳимоячиси билан биргаликдаги шикоятида, ҳаракатида ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятлари таркиби йўқлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Лекин ўрганишлар асносида ва гувоҳлар кўрсатмаларига кўра судлов ҳайъати М.Ага оид суд ҳукмини ўзгаришсиз, унинг ҳимоячиси билан биргаликдаги апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Масалан, М.А З.З томонидан банкка 13 ойга йиллик 22 фоиз тўлаш шарти билан 600 млн. сўм омонатга қўйилгани,  МАнинг “NCI” дастуридаги профили орқали З.З омонатга қўйган 600,0 млн. сўмни олмаган бўлса ҳам олганлиги ҳақида маълумот киритиб қўйганлиги, ҳар ойда омонат фоизини ўз ёнидан бериб, кассага худдики нақд пул кирим қилинаётганлиги ҳақида ёзув киритиб, мижозга билдирмаслик учун пластик картасига пулларни тўлагани исботланган. 

Аввалроқ “Ўзсаноатқурилишбанк” Чилонзор филиали собиқ раҳбарининг кирдикорлари ошкор бўлганди. У банк кредит маблағларини ўзлаштириш орқали даромад кўриш жиноий режасини ишлаб чиққан.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+