Президент Сирдарёга "Афросиёб"да етиб борди
Туманда ўтаётган йиғилишда Шавкат Мирзиёев нега айнан ушбу ҳудудга келгани сабабини айтди.
Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 14 март куни Сирдарё вилоятига йўл олди.
Сафар асносида давлат раҳбари "Афросиёб" поездида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда диний-маърифий йўналишлардаги ишлар, муборак Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида сўз борди.
Маълумки, 11 март куни бутун ислом уммати қатори юртимиз мусулмонлари ҳам бу қутлуғ ойни хурсандчилик билан кутиб олдилар. Рўзадорлар мамлакатимиздаги тинчлик ва фаровонлик шарофатидан ибодатларини эмин-эркин адо этмоқда, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтмоқда. Масжидларда Қуръони карим хатм этилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда.
Муфтий бу улуғ айёмда сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўлишини, юртдошларимиз буни ҳис қилиб, савоб амалларни кўп қилаётганини айтди.
Президент бу ойни юксак даражада ўтказиш, юртимиздаги тинчликни қадрлаш ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича ўз фикрларини билдирди. Инсон қадрини улуғлаш мақсадига мувофиқ, халқимиз манфаатларини таъминлаш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини айтди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали қишлоқ аҳолиси турмушини юксалтириш муҳимлиги таъкидланди. Ёшларни билим-маърифатли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, уларни ўқишга, меҳнатсеварликка ундашнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди.
Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари нега айнан шу туманга келганини изоҳлади.
Сайхунобод аҳолиси яхши яшашга, даромадли бўлишга, болаларини ўқитишга интилаётгани, лекин тумандаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсқинлик қилаётгани қайд этилди.
Тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта-катта маблағлар ажратилаётганига қарамай, Сайхунободдаги 19 та маҳаллада яшайдиган 83 минг аҳолини қанчасига бу имкониятлар етиб бораяпти, деган савол очиқ қолмоқда.
Шунинг учун бугунги йиғилиш томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакатимиз учун туб бурилиш ясайди.Жойлардаги ва республика даражасидаги раҳбарлар Сайхунободдаги аҳволни яхшилашга эътибор қаратмагани, пастга тушиб ишламагани, фақат йиғилиш ўтказиш билан чеклангани танқид қилинди.
Мисол учун, туманда 2 минг 400 та ишсиз бор, камбағаллик даражаси – 14 фоиз, маҳаллий бюджет тушуми 27 миллиард сўм, харажати 67 миллиард сўм.
Бир сўз билан айтганда, Сайхунободда тадбиркорлик ўсмаяпти, Янги Ўзбекистон нафаси сезилмаяпти, - деди давлат раҳбари.
Шу боис, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.