Давлат ишчилари энди ишига қараб ойлик олади
Ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини акс эттирувчи платформа ишга туширилади.
Энди давлат ишчилари ва хизматчилари ишига қараб маош олади. Президентнинг "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" фармони эълон қилинди.
Унга мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади.
Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида:
- самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади;
- ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларини раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини рағбатлантириш тўловлари миқдори уларни самарадорлик кўрсаткичларидан келиб чиқиб белгиланади.
Чорак бўйича самарадорлиги “қониқарсиз” бўлганлар раҳбар ва унинг ўринбосарларига рағбатлантиришлар тўхтатиб турилади. Йил бўйича шунақа натижа кўрсатганларнинг эса лавозимга лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бир ойда тегиши маълумотлар асосида платформани шакллантириши лозимлиги билдирилди.
Шунингдек, бир ой муддатда Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси ўринбосарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари тасдиқланиши белгиланди.