Ўзбекистонда ишсиз аёллар сони очиқланди
Ишсизликнинг энг паст даражаси Тошкент шаҳри, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда аёллар орасидаги ишсизлик ва унинг сабаблари бўйича тадқиқот ўтказди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда жами аёллар сони 18,2 млн. кишидан ошиқ ва улар орасида ишсизлик 13,4 фоизни ташкил этади.
"Ўзбекистонда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси сўнгги пайтларда ортиб бораяпти. Аёллар орасидаги юқори ишсизлик кўрсаткичлари ва паст иқтисодий фаоллик даражаси бир томондан юқори туғилиш кўрсаткичлари ва аёлларнинг уй ишларига кўп вақт ажратиши билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан аҳоли менталитети билан ҳам боғлиқ. Хусусан, 2023 йилда республикада 961 минг нафар чақалоқ дунёга келган. Бу эса ўз навбатида аёлларнинг меҳнат бозоридан вақтинча бўлсада чиқиб кетиши ва иқтисодий нофаол мақомига тушишига олиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда аёллар вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди (эркаклар 9 соат вақтини уй ишларига сарфлайди)" дейилади тадқиқотда.
Дунёда аёллар орасидаги ўртача ишсизлик даражаси 5,3 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 5,5 фоизни, Россияда 4 фоизни, Озарбайжонда 6,5 фоизни, Беларусда 2,8 фоизни, Бангладешда 6,5 фоизни, Хитойда 4,3 фоизни ташкил этмоқда.
2022 йил натижаларига кўра, Ўзбекистонда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 13,4 фоизни ташкил этди (ушбу кўрсаткич эркаклар орасида 5,4 фоизга тенг). 2018 - 2022 йилларда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 1,8 фоиз пунктига ўсган. Аёллар орасида ишсизликнинг энг паст кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (7,9), Наманган (11,9) ва Тошкент (12,8) вилоятларида кузатилмоқда.