Тошкентда турмуш ўртоғини калтаклаган спорт устаси 10 суткага қамалди
Шунингдек, суд эркакдан қамоқда сақлаш харажатлари учун 618 минг сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Тошкентда турмуш ўртоғини калтаклаган спорт устаси 10 суткага қамалгани маълум қилинди.
29 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди фарзандларининг кўз олдида турмуш ўртоғини калтаклаган спорт устаси ва мураббийга 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Бу ҳақда Nemolchi.uz лойиҳаси хабар қилди.
Август ойида лойиҳага мураббийнинг аёли эри томонидан калтаклангани, ўзи ҳамда 3,5 ёшли қизи ва бир ёшли ўғлининг ҳаётидан хавотирда эканини айтиб мурожаат йўллаган. Хабар эълон қилингач, жабрланувчига экспертиза учун йўлланма берилган, ижтимоий хизматлар у билан боғланиб, кейинги қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий ҳимоя реестрига киритган.
Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати оиладаги (маиший) зўравонлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган. Бироқ якунда иш маъмурий тартибда кўриб чиқилди: суд-тиббий экспертизаси тан жароҳатларини енгил ва саломатликнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган деб топган.
Судда эркак хотинини калтаклаганини тасдиқлади ва бошқа бундай қилмасликка ваъда бериб, енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчи эса унга маъмурий қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.
Суд мураббийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси 2-қисми (Оиладаги (маиший) зўравонлик) бўйича айбдор деб топиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Муддат 29 сентябрдан ҳисобланади. Шунингдек, суд тажовузкордан қамоқда сақлаш харажатлари учун 618 минг сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган.




