Хоразмда 12 мингдан ошиқ истеъмолчи электрсиз қолди
Ҳудудда кучли ёмғир ёғиши ва шамол кузатилмоқда.
Хоразмда 12 мингдан ошиқ истеъмолчилар ва саноат корхоналари электрдан узилиб қолди. Энергетика вазирлиги ҳолатни тасдиқлади.
Айтилишича, соат 12:15 да Хоразм вилоятида юз бераётган кучли ёмғир оқибатида 6-10 кВли 41 та электр узатиш тармоғи 78 МВт қувват билан авариявий ўчган.
Бунинг натижасида Ҳазорасп, Боғот, Хонқа, Қўшкўпир ва Янгиариқ туманлари истеъмолчилари қисман (12 минг 500 та) ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.
Ҳозирги вақтда ноқулай об-ҳаво (кучли ёмғир ва шамол) шароитига қарамай, махсус бригадалар томонидан ушбу носозлик бартараф этилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги ҳаво ҳарорати кўтарилиши фонида метан заправкалари очилишини айтганди.