Гулистон шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Аввалги ҳоким Тўлқин Дадабаев соғлиғидаги муаммолар сабаб феврал бошида ишдан кетганди.
Жамолиддин Ходжиманов Гулистон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.
Ҳоким лавозими Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тасдиқланган.
Вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига Ходжиманов Жамолиддин Хуснуддинович номзодини тавсия қилган. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг қарори билан у Гулистон шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
Жалолиддин Ходжиманов 1987 йилда Сардоба туманида туғилган. Маълумоти – олий. 2011 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит.
У меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида молия ва иқтисодиёт соҳаларида турли ташкилотларда масъул вазифаларда ишлаган. Тайинловга қадар Чилонзор туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
2019 йил февралдан буён Гулистон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўлқинжон Дадабаев жорий йил февраль ойи бошларида соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилган, шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариш шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ғайрат Ботировга юкланган эди.