platina.uz

Гулистон ҳокими соғлиғидаги муаммолар сабаб ишдан кетди

Шунингдек, Андижондаги туманлардан бирига ҳам вақтинчалик раҳбар тайинланди. 

Жамият
7 февраль, 9:21
Гулистон ҳокими соғлиғидаги муаммолар сабаб ишдан кетди

Гулистон шаҳар ҳокими Дадабаев Тўлқинжон Тўланович соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилган. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот ўрнида, Тўлқинжон Дадабоев 1965 йил Наманган вилояти, Учқўрғон туманида туғилган. 2018 йил июнь ойида Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига тайинланганди, унга қадар “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг капитал қурилиш хизмати бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

Гулистон шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариш, 2021 йилнинг май ойидан шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган — Ботиров Ғайрат Ахматович зиммасига юклатилган.

Маълумот ўрнида, Ғайрат Ботиров 1978 йили Боёвут туманида туғилган. 1999 йили Самарқанд давлат университетининг Иқтисодиёт факултетини тамомлаган. У шаҳар ҳокимлигидаги иш фаолиятидан аввал, Сирдарё вилояти давлат Солиқ бошқармаси юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Мирзаолимов Акмалжон Алиевич Хўжаобод туман ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланди.

Акмалжон Мирзаолимов 1979 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган. 2005 йилда Андижон қишлоқ хўжалик институтининг иқтисодиёт йўналишини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида фермер хўжаликларида ҳисобчи, тижорат банки мутахассиси, ғазначилик бўлинмаси инспектори, вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармасида бўлим бошлиғи ва МФЙда ҳоким ёрдамчиси каби лавозимларда фаолият юритган.

Ушбу лавозимга қадар Хўжаобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+