Хоразмда $10 миллиардлик мега лойиҳа бўйича музокара бошланди
Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади.
Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси лойиҳасини барпо қилиш бўйича дунёнинг шу соҳада энг илғор компаниялари билан музокара бошланди.
Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади. Бу нафақат Хоразм учун, балки республикамиз саноатининг флагмани бўлади.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказилаёган йиғилишда маълум қилди.
Шунингдек, президент бугун муҳокама қилинадиган тадбирларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтирилаётганини таъкидлади.
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бунинг ҳисобидан 5,5 минг тадбиркорга кўмак берилиб, 50 мингта доимий иш ўрни яратилади.