Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи давом этмоқда
Президент ташриф давомида Хивадаги маҳаллалардан бирида бўлди, фаоллар билан учрашди, қуввати 100 мегаваттлик станция қурилишининг очилишида қатнашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида “Хива кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, агросаноатда кластерлар томонидан замонавий корхоналар қурилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
“Хива кластер” ҳам Хива туманида шундай фабрика ташкил этди. Туркия, Германия ва Хитойдан илғор ускуналар келтириб ўрнатилди. Ўтган йил ноябрда ишга туширилган корхонада 500 кишининг бандлиги таъминланди.
Корхона йилига 7 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 10 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватга эга. Энг муҳими, уларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб беради. Шу боис ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Корхонаннинг йиллик экспорт салоҳияти 15 миллион доллар атрофида.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тенденциядан келиб чиқиб, бу корхонада ҳам энергия тежамкорликка эътибор қаратилган. Масалан, куз-қиш ойларида хоналар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқ сув ёрдамида иситилади. Натижада катта миқдораги табиий газ тежалади. Шунингдек, мажмуа томларига умумий қуввати 60 кВт бўлган қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Буларнинг ҳисобига маҳсулот таннархи рақобатчиларникига нисбатан паст бўлмоқда.
Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Чиқиндиларни қайта ишлаб, фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган.
Тўқимачилик кластери ўтган йили қарийб 20 минг тонна пахта хомашёси етиштирган. Шундан 1 минг 545 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.
Умуман, кластер томонидан 2018-2023 йилларда 105 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Кластер жами 800 дан ортиқ йигит-қиз ишламоқда. Жумладан, ҳозирда бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ёғ, совун, тухум, сут маҳсулотлари, пойабзаллар каби 20 га яқин товарлар ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз мазкур кластер тизимидаги истиқболли режалар билан ҳам танишди. Жумладан, янги лойиҳалар ҳисобига пахта етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш, кичик ҳажмли юк машинларини маҳаллийлаштириш мўлжалланган. Шунингдек, яқин йилларда чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилган.
Кластер бу истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали 10 мингдан 30 минггача иш ўрни яратишни мақсад қилиб олган.
Шунингдек, президент Хоразм вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Вилоятда чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда машинасозлик, шаҳарсозлик, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, тиббиёт, озиқ-овқат каби муҳим тармоқларда умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқилган. Тақдимотда шундан умумий қиймати 660 миллион доллардан зиёд 18 та лойиҳа ҳақида ахборот берилди.
Хусусан, юк электромобиллари, аккумуляторлар учун никел сульфат, архитектура ойналари, шиша идишлар, қурилиш материаллари, лак-бўёқлар ва мато ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ҳудуд иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшиб, минглаб иш ўринлари яратиши билан аҳамиятли. Меҳмонхона, шифохона, кўнгилочар масканлар ва йўллар қуриш, экотуризмни ва балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари уларнинг ташаббускорлари бўлган чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида фикр алмашилиб, уларни жадаллаштириш, тадбиркорларга қўшимча шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Хива туманидаги Истиқлол маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан яқиндан танишди.
Маҳаллада 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Бу ерда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёндош ҳудудда фермер хўжаликлари мавжуд. Одамлар асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади.
Яқинда маҳалла идораси биноси таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва тиббиёт масканида барча шароитлар бор.
Маҳалла фаоллари Президентимизга одамларнинг турмуш тарзи, даромади, ёшларнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада ишсиз аҳолини доимий ва мавсумий ишларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан индивидуал ишлаш тизими самара бермоқда. Ишсизларга деҳқончилик учун ер бериш тажрибасининг Хоразм учун аҳамияти катталиги айтилди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди.
Ушбу тизим вакиллари билан мулоқотда халқни рози қилишда маҳалла тизимидаги самарали фаолият, ҳамжиҳатлик муҳимлиги қайд этилди. Бунда қуйи бўғиндаги давлат вакиллари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, одамларни рози қилиши кераклиги таъкидланди.
Вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий вазифа экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда бўлганида бирор хонадонда меҳмон бўлиши яхши анъанага айланган. Бу одамлар билан янада яқин бўлиб, самимий суҳбатлашишга хизмат қилади.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Президент маҳаллада яшовчи Собиржон Матжонов хонадонига ташриф буюрди. Оила бошлиғи қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Хонадон соҳиблари мўжазгина томорқада иссиқхона қуриб, қулупнай етиштиради. Шунингдек, уй шароитида балиқчиликни йўлга қўйган. Парвариш қилинаётган парранда – юздан ортиқ товуқ, мингга яқин бедана оилага қўшимча даромад келтирмоқда.
Суҳбатда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлиги, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни Хоразм вилоятига ташриф доирасида «Voltalia» компанияси бош директори Себастьен Клэр билан учрашув ўтказди.
Франциянинг ушбу компанияси қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги иншоотларни қуришда бой тажрибага эга. Ҳозирда дунёнинг 20 мамлакатида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Учрашувда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Олий даражадаги мунтазам учрашувлар туфайли кенг қамровли тус олган Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти 2022 йил ноябрь ойида Францияга амалга оширган расмий ташриф доирасида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришилди.
Шу маънода, “Voltalia” билан ҳамкорликда Тупроққалъа туманида қуввати 100 мегаваттли қуёш электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасидаги ишлар бошланаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Келгусида агровольтаика ечимларини жорий қилган ҳолда унинг имкониятларини янада кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари компания билан ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Хоразм вилоятида аккумуляторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Бухоро вилоятида гибрид турдаги электр станциясини қуриш режаларини қўллаб-қувватлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида 29 февраль куни “Voltalia” компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлди.
Маълумки, давлатимиз томонидан қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, катта дастурлар амалга оширилмоқда. Охирги уч йилда ҳудудларда биргина қуёш ва шамол генерация қувватларини ишга тушириш учун 2 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинди. Натижада Бухоро, Жиззах, Қашқдарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 2,6 Гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди.
Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳалар Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Франция каби тараққий этган мамлакатлар билан шерикликда амалга оширилаётир.
Маросимда давлатимиз раҳбари бу соҳанинг стратегик аҳамиятини қайд этди.
– Энергетика саноатида барқарорликка эришиш глобал интеграция шароитида ҳар бир давлатнинг стратегик мақсади. Айниқса, қайта тикланувчи генерациялар – замонавий тараққиётга эришиш, иқтисодиётни диверсификация қилишда куч-қувват бўладиган асосий “драйвер”лардан биридир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Муқобил энергетика ҳисобига бу йил республиканинг электр генерациясида “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши таъкидланди. 2030 йилга бориб, аҳолиси 40 миллиондан ортадиган Янги Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган энергиянинг 40 фоизини “яшил энергия” ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган.
Бу борада аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун ўтган йили “Қуёшли хонадон” дастури бошланди. 14 миллиард сўм имтиёзли ресурслар ажратилди, солиқ имтиёзлари берилди. Шунингдек, эҳтиёждан ортиқча электрни давлат томонидан кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилди.
Бу ўз самарасини бера бошлади. Жумладан, Хоразмда ҳам 2 мингдан зиёд хонадон ва 855 та тадбиркорлар 15 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиб, улар томонидан эҳтиёжидан кўп ишлаб чиқарилган 320 минг киловатт-соат электр энергияси давлат томонидан сотиб олинди.
Энди бу соҳада яна бир мажмуа – Франциянинг “Voltalia” компанияси томонидан Тупроққалъа туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланмоқда.
Бу Хоразмдаги илк шундай йирик лойиҳа бўлади. Унинг натижасида йилига 254 миллион киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Бу эса Хоразм вилояти йиллик электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини қоплайди. Ушбу станцияни йил якунигача тармоққа улаш режалаштирилган.
Умуман бу лойиҳа ишга тушса, Хоразм вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 30 фоизга ошиб, 424 мега-ваттга етади. Хусусан, Тупроққалъа туманининг электрга бўлган йиллик 135 миллион киловатт соат талаби тўлиқ қондирилади.
Шу билан бирга, истеъмолдан ортган 40 фоиз энергияни қўшни туманларга узатиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, 85 минг хонадонни электр энергияси билан барқарор таъминлашга эришилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги “Khorezm Insulation Group” қўшма корхонасини бориб кўрди.
Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенг. Сўнгги йилларда барча лойиҳаларда энергия тежамкорлик вазифаси қўйилмоқда. Шу боис базальт хомашёсига талаб ошиб бораётир. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда бундай маҳсулотдан тайёрланган плиталарга йиллик талаб 80 минг тонна.
Шу жиҳатдан “Khorezm Insulation Group” қўшма корхонаси бозор конъюнктураси асосида ташкил топди, дейиш мумкин. Қиймати 41 миллион евролик ушбу лойиҳада базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқарилади. Хомашё Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратау тоғидан олиб келинади.
Корхонанинг йиллик қуввати 30 минг тонна бўлиб, қурилиш саноатига талаб юқори маҳсулотлар етказиб берилади. Шунингдек, Россия ва қўшни давлатларга 10 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти яратилади.
Бунинг учун Германия, Туркия, Россия ва Хитой давлатларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилмоқда. Корхонада 300 та янги иш ўрни очилади.
Президент корхона билан танишар экан, маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Айни пайтда бу ерда йилига 15 минг тонна полипропилен ва полиэтилен тола ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Натижада 80 та янги иш ўрни яратилиши, яна 10 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши мўлжалланган.
Хоразм вилоятига ташрифнинг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлиги, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва йирик хорижий инвестиция компанияси раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.
Хоразм вилоятида умумий инвестиция ҳажми 10 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик газ-кимё лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак қувватлар йилига 2,5 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариши ва 3 минг иш ўрни яратиши кутилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш муддати - 2024-2028 йиллар.
Лойиҳа газ-кимё тармоғи ривожига янги суръат бағишлайди ва Янги Ўзбекистон саноатининг флагманларидан бирига айланади.