Бош оғриғидан энди дорисиз қутулиш мумкин
Кимёвий тарзда олинган дори воситаларига ружуъ қўйиш танага катта зарар келтиради. Вақт ўтиши билан бу дорилар муҳим аъзоларнинг ишлаш тартибини бузади.
Бош оғриғи кўпчиликни безовта қиладиган дард. У оддий чарчоқ ёки ўта жиддий хасталик симптоми бўлиши мумкин. Одам танаси шу тарзда ўзида кечаётган ёки бошланган хасталиклар ҳақида мияга сигнал беради, огоҳлантиради ва бизда оғриқ шаклидаги дискомфорт ва ноқулайлик ҳиссини яратади. Шу боис бош оғриғининг ҳар бир ҳолатида аввало унинг сабабларини даволаш талаб этилади. Бироқ кўпчилик беморлар оғриқ қолдирувчи дориларга ўрганиб қолган. Мазкур фармацевтик воситаларнинг дорихонада рецептсиз сотилиши ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Бироқ мутахассисларнинг айтишича, кимёвий тарзда олинган дори воситаларига ружуъ қўйиш танамизга катта зарар келтиради. Вақт ўтиши билан бу дорилар ошқозон, жигар, юрак, буйрак ва бошқа муҳим аъзоларнинг ишлаш тартибини бузади, уларга жиддий зарар келтиради, ҳатто ишдан чиқаради. Айрим оғриқ қолдирувчи дориларга эса танамиз ўрганиб қолади, худди шу дори ёки унинг айни миқдори таъсир қилмай қўяди. Қолаверса бундай дорилар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши, уйқучанлик каби ножўя таъсирларга ҳам эга.
Pain илмий журналида чоп этилган мақолада маълум қилинишича, олимлар бош оғриғидан дорисиз халос бўлиши йўлини топишган.
Улар миянинг оғриққа таъсирчан бўлакчасига ултратовуш тўлқинлари билан таъсир қилиш услубини ўрганишмоқда. Яқинда 23 нафар кўнгиллида ўтказилган илмий тадқиқотлар доирасида мутахасисслар ушбу беморлар бош миясининг оролча бўлакчасига ултратовуш билан таъсир қилишган. Айтиш жоиз, бош миянинг оролча бўлакчаси оғриққа ишлов беришда, шунингдек, ҳиссиётларни бошқариш, иштаҳани тартибга солиш, онг ва ижтимоий муносабатларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Тажриба давомида бош миянинг оролча бўлакчасига ултратовуш – инсон қулоғи эшита олмайдиган диапазондаги товуш тўлқинлари йўналтирилган. Натижада ушбу бўлакчанинг фаоллиги ўзгарган, бош оғриғи енгиллашган. Шунингдек, беморларнинг юрак уриш частотаси ўзгарган. Бундан келиб чиқиб, олимлар юрак уриши ва оғриқни ҳис қилиш ўртасида қандайдр боғлиқлик бўлиши мумкин, деган хулосага ҳам келишди.
Албатта бош оғриғини ультратовуш билан даволаш ҳали ибтидоий кўринишда. Ҳали кўплаб синовлар ўтказилиши ва ваколатли идоралар томонидан тасдиқланиши лозим. Бироқ яқин келажакда сурункали, тўхтовсиз оғриқдан азоб чекувчи беморлар учун мазкур усул янги ва ягона нажот йўлига айланиши мумкин. Чунки неврологик хасталиклар, саратон ва бошқа жиддий касалликлар, шунингдек, турли жарроҳлик ва травматологик амалиётлардан сўнгги илк даврда пайдо бўладиган кучли оғриқларни қолдириш учун ўта қиммат ва камёб дорилар қўлланилади. Лекин баъзан улар ҳам самара бермай қолади. Наркотик моддалар асосида яратилган оғриқ қолдирувчи воситалар эса ўрганиб қолиш – кучли қарамликни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ултратовуш билан оғриқ қолдириш усули ҳозирча анчайин самарали, ножўя таъсирларсиз ва арзон услуб бўлиб кўринмоқда.