“Тошшаҳартрансхизмат”нинг 5 масъули ишдан олинди
Сўнгги вақтларда автобуслар билан содир бўлаётган техник носозликлар, туташ ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бормоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 5 нафар масъули ишдан олинди. Бу ҳақда АЖнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси ўринбосари – бош муҳандис Ж.Маннопов, Идоралараро тезкор штаб бошлиғи Б.Маменов, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бошчилигида, автобус саройи филиаллари раҳбарлари, бош механиклар ва масъул ходимлар иштирокида автобуслар билан содир бўлаётган техник носозликлар, туташ ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари муҳокамасига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтган.
Тошкентда автобусларнинг техник ҳолатига масъул бўлган, уларнинг йўналишга чиқиш олди техник кўригини талаб даражасида бажармай, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошган ходимларга чора кўрилиб, 5 нафар масъул ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев қўлга олинганди. Шунингдек, ДХХ тезкор тадбирда жамиятнинг бир қатор мансабдорларини ҳам ушлади.